Ўзбекистонда 2 қаватдан юқори шахсий уйлар қурилиши назоратга олинади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан бошлаб 2 қаватдан юқори якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши ҳудудий қурилиш инспекциялари назоратига олинади. Бу ҳақда Президентнинг 27 ноябрь кунги фармонида қайд этилган.

Таъкидланишича, бундай объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилиши талаб этилади. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши соҳасини тартибга солишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланади. Ҳужжатда сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Қуйидагилар:

  • қурилиш-монтаж ишлари асосий фаолият тури бўлган ташкилотлардан ташқари, бошқа уй қурувчиларнинг жисмоний ва юридик шахсларга мустақил равишда (хўжалик усулида), қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан икки қаватдан юқори (соколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриши ҳамда реконструкция қилиши;
  • аҳоли пунктлари ҳудудларининг функционал зоналарида жойлашган, бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;
  • лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);
  • ўзгартирилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан қурилаётган бино ва иншоотларнинг қаватлари сонини (лойиҳа ҳужжатларини ўзгартириш йўли билан) кўпайтириш тақиқланади.

Лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилоти томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги «Эксперт хулосаларининг ягона реестри»га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади. Давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.

Мазкур фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиш, ижро учун масъул органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва қурилиш вазири Ботир Закиров зиммасига юкланган.

(Visited 9 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь

Ваша e-mail адреса не оприлюднюватиметься. Обов’язкові поля позначені *

Комментарии