Ўзбекистонда ноқонуний бойиганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа фуқароларнинг таклифлари асосида янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилди.

Лойиҳани ишлаб чиқишда жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилишга, уни янада либераллаштиришга, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштиришга ҳамда жиноятлар учун санкцияларни қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига қараб мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, лойиҳада турлича шарҳлаш ёки коррупция ҳолатлари содир этилишига йўл қўядиган нормаларни чиқариб ташлашга қаратилган ўзгартиришлар назарда тутилган. Шунингдек, ноқонуний бойиганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида модда киритилган.

Унга кўра, давлат хизматчисининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилганидан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулкка ноқонуний эга бўлиши ёки шундай мулкни орттириши анча миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки уч йилгача иш ҳақидан ушлаб қолиш билан жазоланади.

Қайд этилишича, лойиҳа илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида тайёрланган.

(Visited 38 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь