Ҳар бир кучли эркак ортида кучли аёл туради. Жо Байденнинг рафиқаси Жилл Байден ким ўзи?

Ниҳоят, бир  неча ой давом этган можаролардан сўнг Доналд Трамп Оқ уйни тарк этди. Унинг ўрнини демократ Жо Байден эгаллади. Лавозимига киришган илк кунларданоқ америкликлар Байдендан катта ўзгаришларни кутмоқда. Энди у тўрт йил давомида америкаликлар ҳаётини бошқаради.

Ҳар бир кучли эркак ортида кучли аёл туради, деган гап бор. Байден ҳам бундан мустасно эмас. Хўш, Жо Байденнинг рафиқаси Жилл Байден ким ўзи?

ОИЛА

Жо Байден ва Жиллнинг жуфтлиги ҳар иккиси учун ҳам иккинчи никоҳ. Жо Байденнинг биринчи рафиқаси ва қизчаси 1972 йилда авиаҳалокатда ҳалок бўлган эди, Жиллнинг биринчи турмуш ўртоғи эса собиқ футболчи эди.  Жо ва Жилл тасодифан танишган, уларнинг танишувига Жонинг акаси ва Жиллнинг дугонаси сабабчи бўлишганди. Бу пайтда Жилл ҳали мактабда ўқир, Жо эса сенатор эди. Жиллни Жонинг жентельменларга хос ҳаракатлари мафтун қилиб қўйди. Жилл биринчи турмуш ўртоғидан ажрашаётган пайтда улар бир-бирига боғланиб қолди. Аммо Жиллнинг кўнглига йўл топиш учун Жо анчагина ҳаракат қилди. Жилл Жонинг сенаторларга хос ҳаёти сабаб омма кўз ўнгида бўлишидан,  Жонинг автоҳалокатда омон қолган икки ўғли тарбиясидан хавотирда, ўзининг карьерасини йўлга қўйишни истарди. Узоқ  иккиланишлардан сўнг улар турмуш қуришди.

1981 йилда улар оиласида Эшли исмли қизалоқ туғилди. Жилл Жонинг биринчи турмушидан туғилган ўғилларига худди ўз фарзандларидек меҳр берди. Афсуски,  Делавэр штати прокурори бўлган Бо Байден 2015 йилда вафот этди.

КАРЬЕРА

Жилл Байден ўзининг ижтимоий тармоқлардаги профилларида — @DrBiden ники билан рўйхатдан ўтган.  АҚШ биринчи хоними учун карьера ва таълим энг биринчи галдаги масала. Жилл иш фаолиятини Нью Жерсида официантликдан бошлаган. У мода  саноатида мерчандайзингни ўрганишни мақсад қилганди, аммо Делавэр университетига  инглиз тили факультетига ўқишга кирди. Ўзидан олдинги биринчи хоним Мелания Трамп сингари Жилл ҳам модел бўлиб ишлаган,  коллежни битиришдан олдин академик таътилга чиққан. Ўқишни тугатгач эса бир умр ўқитувчи бўлиб ишлади.  Жо Байден билан никоҳи унга дарс бериши ва диссертация ёқлашига ҳалақит бермади.

Қизи туғилиши билан Жилл севимли ишига қайтди. Уч фарзанд тарбияси билан бир вақтда у беш йил давомида руҳий беморлар шифохонасида болаларга дарс берди. Бир вақтнинг ўзида у Виланова университетида ўқиб, магистр дипломини олди.  1990 йилда Жилл ўрта мактаб ва коллежда дарс берди. 55 ёшида Делавэр университети  педагогика фанлари доктори унвонини олди. Жилл 1993 йилдан «Кўкрак саломатлиги бўйича Байден ташаббуси» гуруҳини бошқаради, 2007 йилда кам таъминланган оилалар фарзандларига китоб улашадиган хайрия ташкилотини ташкил қилди.

СИЁСАТ

Жилл олдин ҳам  сайлов кампанияларида қатнашган- бу воқеа Барак Обама ўз номзодини қўйган пайтда бўлганди. Жо Байден 1988 йилда ҳам президентликка номзодини қўйганди. У руҳий касалликлар шифохонасидаги ишини ташлаб қўймай, эрини қўллаб-қувватлади.

Эр-хотин Байденлар Ироқдаги урушга қарши эдилар, улар бу урушни қандай бўлса ҳам тўхтатишни исташарди. Шу сабаб ҳам эри президентлик сайловларида номзодини қўйишини истарди. Аммо Жорж Буш қайта сайлангач, Жилл фикридан қайтди. Жо Байден Демократлар партиясидан ўз номзодини қўйган пайтда Жилл ўз ишини давом эттирди, дам олиш кунлари эса сайлов кампаниясида ёрдам берди.  У биринчи хоним сифатида асосий эътиборини  таълимга қаратиши ажабланарли эмас.

Сиёсатга нисбатан  антипатия бўлсада, Жилл турмуш ўртоғининг 2012 йилдаги вице президентликка қайта сайланишида фаол иштирок этди. У Жонинг президентлик сайловларида иштирок этмаганидан хафа эди. Балки шу сабабдандир, навбатдаги сайлов кампаниясида у аввалгига нисбатан фаолроқ иштирок этди-турмуш ўртоғига ёрдамлашиш учун меҳнат таътилига чиқди.

Август ойида Жилл Демократлар миллий съездида нутқ сўзлади. Бўлажак биринчи хоним таълим, ота-оналик тўғрисида гапирди ва оиласининг фожиавий тарихини мамлакатда кечаётган муаммолар билан таққослади. Шундан ҳам у сайловчиларга яқин эканини англаш мумкин эди.

Ҳар бир ҳаракати мемга айланган Мелания оқ уйни тарк этди. Жилл Байдендан америкаликлар кўп нарсани умид қиляпти. Эҳтимол, у ҳали Мишель Обама каби машҳур эмасдир. Аммо соғлом фикрлайди. Америкага эса ҳозир айнан шу керак.

 

Дилфуза Зарипова тайёрлади

(Visited 96 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь