«БМТда илк бор Навоий тилида» — Туркиянинг «Жумҳурият» газетаси Мирзиёевнинг БМТда ўзбек тилида нутқ сўзлашини олқишлади

«Ўзбек тили БМТда» дея номланган мақола аввалида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги «туркий давлатлар орасида» энг кўп аҳолига эга давлат экани, мамлакат аҳолиси асосан ўзбеклардан иборатлиги, қўшни ўлкалар – Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонда ҳам кўп сонли ўзбеклар яшаши қайд этилади.

«Ушбу хусусиятлар ҳисобга олинганда, расмий Тошкент бутун минтақанинг барқарорлигини таъминлашда катта ҳисса қўша олади», – дейилади мақолада.

Анқарадаги нашр таъкидича, Ўзбекистоннинг иштирокисиз Афғонистон, Хитой, ҳатто бутун дунёда экстремизмнинг олдини олиш осон бўлмайди; минтақада ғоявий назорат ўрнатилмаса, экстремистлар Қозоғистон, Россия ва ҳатто Сурияга қадар ёйилиши мумкин.

«Радикализмни бартараф этиш учун нафақат ташқи омилларни чеклаш, балки иқтисодий-ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам чоратадбирларни амалга ошириш аҳамиятга эга.

Ўзбекистон муаззам туризм салоҳиятига эга. Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар туркий дунё тарихи жиҳатидан катта аҳамият касб этади. Амир Темур авлодларининг диёри осмон остидаги музейга ўхшайди гўё.

Иқтисодий томондан қараганда, Туркияда етиштирилиши камайиб бораётган пахта Ўзбекистонда ҳозирда ҳам катта миқдорда қайта ишланиб, экспорт қилинади. Ушбу ўлка, шунингдек, Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашгани туфайли шарқ ва ғарбни боғловчи ҳалқа мисолидир», – дейилади «Жумҳурият» мақоласида.

Нашр ўзбек-турк муносабатлари ҳам сўнгги вақтларда равнақ топиб бораётганини таъкидлаб, президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларига эътибор қаратган.

«Мамлакатда бошқарув тизими бошдан оёқ ўзгартирилиб, янгиланди. Ўлка дунёга очилди. Қўшни ва минтақадаги давлатлар билан алоқалари, ҳамкорликка интилишлари диққатга сазовор. Мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий янгиланиш ғояси «Янги Ўзбекистон» шиори остида тилга олинмоқда», – дея қайд этган турк газетаси.

Нашр Мирзиёев бошқарувидаги Ўзбекистон ОАВ фаоллиги, гендер ҳуқуқи, мажбурий ва болалар меҳнати, инсон ҳуқуқлари, камбағалликка қарши кураш каби йўналишларда ютуқларга эришаётганини эътироф этган.

«Турк тилининг тамал тошларидан бўлган чиғатой лаҳжасини адабий тил ҳолига етказган Алишер Навоий айни вақтда Амир Темур давлатининг забардаст вакилларидан бири эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг эртага бошланадиган Бош Ассамблеясида ҳамкорлик марралари, умидлари ва мамлакатининг тинчликпарвар мақсадларини илк бор Навоий тилида дунёга хитоб қилади», – дейилади «Жумҳурият»нинг 21 сентябрь сонидаги мақолада.

Нашрнинг фикрича, Туркия Ўзбекистондаги янги ва кенг қамровли ўзгаришларга янада кўпроқ эътибор бериши, ҳамкорликни ривожлантириши даркор.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг видеоанжуман тарзида ўтказиладиган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги чиқиши 23 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00га белгиланган.

(Visited 7 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь

Ваша e-mail адреса не оприлюднюватиметься. Обов’язкові поля позначені *

Комментарии