Болаларда туғма урологик касалликлар келиб чиқишига сабаб нима?

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров болаларда туғма урологик касалликлар келиб чиқиши ҳақида маълумот берди.

— Болаларда кўп учраётган чов чурралари дори-дармон билан тузатса бўладими?

— Чов чурраларини фақат операция йўли билангина бартараф этиш мумкин. Ҳозирги кунда бу йўналишда оператив даволашнинг бир неча усуллари мавжуд. Чурранинг катта-кичиклиги, ривожланиш даражасига қараб операция усули танланади. Лапароскопия — бу жараёнда қўлланиладиган энг самарали усул.

— Энурез касаллиги маълум муддатдан сўнг тузалиб кетиши айтилади. Шу тўғрими?

— Касалликнинг илк белгилари кўрингандаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак, йўқса, оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун тунда тагини ҳўллаб қўядиган болаларга дашном бериш ўрнига, уларни зудлик билан болалар урологи кўригига олиб бориш керак. Чунки, энурез бодомча безларда, урологик тизимда, пешоб чиқариш канали ёки қовуқда бирор касаллик ривожланаётганидан нишона бўлиши мумкин. Ҳозирги замон тиббиёти касалликни ўз вақтида аниқлаб, бутунлай даволаш имкониятига эга.

— Туғма урологик касалликлар пайдо бўлишига сабаб нима?

— Маълумки, болаларда касалликнинг икки хил тури учрайди. Булар туғма ва орттирилган бўлади. Уларнинг икки фоизигина наслга бориб тақалиши мумкин. Қолган қисми орттирилган касалликлардир. Туғма урологик хасталиклар асосан онанинг ҳомиладорлик даврида пайдо бўлади. Чунки, турли руҳий, жисмоний зўриқишлар, аввало, ўта сезгир бўлган ҳомилага, жумладан, тўппа-тўғри унинг буйрак тизимига таъсир қилади.

Натижада, буйрак коптокчалари ёки каналчаларининг қисман, бутунлай ишламаслиги, битта буйракнинг мутлақо бўлмаслиги ёки буйракларнинг меъёрдагидан кўпроқ (3-4 та бўлиши), қовуқнинг олдинги девори бўлмаганлиги сабабли, олдинга чиқиб қолиши каби нохуш ҳолатлар юзага келади. Бунинг олдини олиш учун ҳомиладор аёлни иложи борича юқорида таъкидлаб ўтилган руҳий ва жисмоний зўриқишлардан ҳимоя қилиш, дастлабки уч ой мобайнида ниҳоятда асраш талаб этилади.

(Visited 3 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь

Ваша e-mail адреса не оприлюднюватиметься. Обов’язкові поля позначені *

Комментарии