60 ёшли мамлакат вице-президенти футбол беллашувида қатнашди
Суринамнинг 60 ёшли вице-президенти Ронни Брунсвайк «Интер Моэнготапоэ» клубида Конкакаф лигасининг «Олимпия»га қарши ўйинида иштирок этди. Сиёсатчи учрашувни асосий таркибда бошлади ва 54-дақиқада захирага олинди.


Ушбу учрашувда Брунсвайкнинг 21 ёшли ўғли Дамиан ҳам иштирок этди. Аммо улар жамоага ёрдам бера олмади. Ўйинда "Интер" "Олимпия" клубига 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Афсуски, мазкур турнирнинг жавоб учрашувида Брунсвайк қатнаша олмайди. Сабаби, 60 ёшли сиёсатчи Интерпол рўйхатига киритилгани учун Суринамни тарк эта олмайди. Беллашув эса Гондурасда бўлиб ўтади. Брунсвайк партизанлар раҳбари сифатида фаолият олиб борган. У 1985 йилда Суринам озодлик армияси исёнчилари раҳбари бўлган, 6 йил давом этган фуқаролар урушида қатнашган.
Сиёсатчи 1999 йил гиёҳванд моддалар савдоси бўйича сиртдан судланган. Ҳозирги кунда у Суринам вице-президенти лавозимида фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунгача Брунсвайк футбол беллашувларида Кариб денгизи клублари чемпионати доирасида 2009 йил битта, 2011 йил эса иккита ўйин ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ футбол қироли Пеле жонлантириш бўлимига ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.
Жамшидбек Амиров







