«ПСЖ»да стандартларни ким амалга оширади?
2021/2022- йилги мавсумга старт берилганидан буён «ПСЖ» пенальтилардан рақиб дарвозасига 5 та гол урди. Лео Месси юлдузли таркибга келиб қўшилганидан кейин пенальти ва стандартларни ким амалга ошириши бўйича муҳокамалар бўлмоқда. 2018/19 йилги мавсумдан бошлаб, Лео «Барселона» сафида 124 та жарима зарбасини амалга оширган. Аргентиналик футболчининг ушбу зарбаларидан 14 таси голга айланган.

Лионел Мессининг «ПСЖ»даги стандартларни амалга оширишдаги асосий рақиби Неймар бўлиши табиий. Гарчи бразилиялик футболчи сўнгги йилларда жароҳатлари сабаб тўлиқ ўйнамаётган бўлса-да, лекин охирги мавсумда 37 марта жарима зарбасидан гол урди. Неймарнинг Мессидан устунлиги жарима зарбасидан аниқ фойдалана олишида. У сўнгги ўйинларда 16 бор жарима зарбасидан 14 та гол уришга эришди.
Жарима зарбалари учун курашда янги мавсумда бу икки футболчи билан Килиан Мбаппе бемалол рақобат қилиши мумкин. Футболчи «ПСЖ» сафида тўрт мавсум давомида жаримадан атиги учта гол урди. Унинг ўйинларда ижро этган бурчак тўплари нисбатан аниқроқ чиққанини кузатиш мумкин. Мбаппе бурчак тўпларининг 15 тадан 7 тасига голли узатма берди. Француз футболчиси шу вақтга қадар саккиз марта пенальтини амалга оширди ва етти бор рақиб дарвозасини ишғол қилган.
Стандартлар рақобатида Анхел Ди Мария ҳам бу топ футболчилар қаторига кириши аниқ. Негаки у 2018/2019 йилги мавсумдан буён 23 та жарима зарбасининг 4 тасини голга айлантира олган. Шунингдек, футболчи бурчак тўпларидан 48 тасида голли узатма берган.
Месси каби шу ёзда «Реал Мадрид»дан Париж клубига келиб қўшилган Серхио Рамос ҳам пенальтиларни амалга оширишда катта тажрибага эга ҳисобланади. У бу қобилятини «Реал Мадрид» сафида намойиш қилган. 2018 йилнинг ёзидан бошлаб, испаниялик футболчи «Реал» сафида пенальтиларни ижро этишда 13 та уринишнинг барчасини муваффақиятли амалга оширди. 11 метрлик нуқтадан гол уришда Рамосга Месси ва Неймар рақобат қила олади.
Парижликларнинг пенальтилар ва бошқа стандартлар бўйича асосий ижрочисини ажратиш қийин. Бу масъулият катта эҳтимол билан Месси ёки Неймар зиммасига тушади. Аммо бошқа футболчиларни ҳам унутмаслигимиз лозим. Бу ерда мураббий танлови кўп нарсани ҳал қилиши турган гап.
Телеграм каналимизда мазкур савол бўйича ўтказган сўровномамизда мухлисларнинг 63 фоизи Лионел Мессига, 19 фоизи Неймарга, 12 фоизи Килиан Мбаппега ва 6 фоизи эса Ди Марияга овоз беришди.
Жамшидбек Амиров







