Энергетика вазирлиги Ангрендаги портлаш бўйича расмий изоҳ берди

Бугун, 2021 йил 20 январь куни соат тахминан 11:42 да Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг қозон агрегатида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Кеча, 19 январь куни Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг 5-сон энергоблоки қозон агрегатидаги нуқсон туфайли таъмирга чиқарилган. Бугун электр станция 560 МВт қувват билан ишлаган. 4 та энергоблок ишда, битта энергоблок заҳирада бўлган.

20 январь куни “Востокэнерготеплоизоляция” АЖ ва “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг таъмирлаш ишаларини бажарадиган пудрат ташкилотлари ишни хавфсиз бажариш учун йўриқнома ўтказилиб ишга қўйилган.

Энергоблок қозон агрегатида таъмир ишларини бажариш вақтида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Натижада “Востокэнерготеплоизоляция” АЖнинг 3 нафар ходими олинган жароҳатлар натижасида вафот этган, “Энергоқозонтозалаш” МЧЖнинг 3 нафар ходими турли даражадаги куйиш жароҳатлари олишган. Айни пайтда улар шифохонада шифокорлар назорати остида, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги раҳбарияти, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли идора вакиллари Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясига зудлик билан етиб боришган.

Ҳозирда тегишли тергов орган ходимлари томонидан ходисанинг асосий сабаблари ўрганилмоқда. Ходиса сабаблари тўғрисида расмий маълумотлар батафсил берилади.

Пудрат ташкилотлари ва касаба уюшма қўмиталари раҳбарияти томонидан вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий тармоқларда архив характеридаги видеолар тарқатилган бўлиб, бу бугунги воқеаларга алоқадор эмаслигини билдирамиз.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

(Visited 62 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь