Оксфорд университети олимлари бу ҳафта коронавирус вакцинасини синовдан ўтказишни бошлайди

Олимлар вакцина ишлаб чиқариш ва тарқатишга камида бир ё бир ярим йил керак бўлишини айтиб келишаётганди. Аммо, Британиянинг Оксфорд Университети олимлари сентябрь ойигача коронавирус вакцинасининг камида бир миллионта дозаси тайёр бўлишини айтганлар. Бу ҳақда Би Би Сининг ўзбек хизмати хабар бермоқда. 

Маълум бўлишича, кўнгилли соғлом одамлардан тузилган гуруҳда вакцина бу ҳафта синаб кўрилиши бошланади. Ковид-19 вакцинаси синови учун Оксфорд олимлари 18 ва 55 ёш орасидаги 500 кишидан анализ олишган.

Бошқа вакциналар каби, коронавирус вакцинаси ҳам дунё бўйлаб етарли сондаги одамга берилса ва уларда иммунитет ҳосил бўлса, вируснинг тарқалиши кескин камаяди.

Университет тадқиқотчиларининг айтишларича, улар Ковид-19 пандемияси юз беришидан аввал ҳам бу каби ҳодисага тайёрланиб келишаётганди. Улар генетик муҳандислик ёрдамида аденовирус номли шимпанзе вирусини аллақачон яратганлар. Ана шу вирус янги вакцинага асос бўлади.

Улар ушбу вирусни янги коронавируснинг қисмларига қўшганлар. Умид қилинишича, бу қоришма инсон иммун тизимини Ковид-19га қарши курашишга ўргатадиган хавфсиз вирус бўлади.

Вакцинани ишлаб чиқаётган гуруҳнинг етакчи тадқиқотчиси Профессор Сара Гилберт у иш беришига 80 фоиз ишончи комиллигини билдирди.

«Ишончимга сабаб – мен бу технология билан кўп ишлаганман, коронавируснинг бошқа тури бўлмиш Мерс вакцинаси синовларида ҳам қатнашганман ва бу тажриба қандай натижаларга эришганига гувоҳ бўлганман. Ўйлашимча, унинг иш бериш эҳтимоли жуда катта», – деди у.

Дарҳақиқат, Профессор Гилбертнинг Мерс коронавирус вакцинаси синовлари илк босқичлардаёқ самара берган – шимпанзе аденовируслари аввал ҳам 10га яқин бошқа касалликларга қарши эмлашда самарали қўлланган.

У қачон тайёр бўлади?

Олимлар гуруҳи бу тажриба иш бериши ё иш бермаслигини аниқлашни кутиб ўтирмасдан, аллақачон уни ёппасига ишлаб чиқариш режаларини амалга ошира бошладилар.

«Мақсадимиз сентябргача камида бир миллионта дозага эга бўлиш. Сентябрга келиб синов самарасини аниқлашимиз билан янада тезроқ ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз», – деди Оксфорддаги Женнер институти раҳбари, профессор Эйдриан Ҳилл.

Вакцинага бутун дунё кўз тикяпти, ва албатта Ўзбекистон ҳам истисно эмас, шундай экан у ҳаммага етармикан? Профессор Ҳиллга кўра, карантиндан чиқиш ва пандемияни тўхтатиш учун дунё бўйлаб юз миллионлаб дозалар керак бўлади ва буни йил охиригача амалга ошириш керак.

Унга кўра, вакцинани нафақат ёппасига тарқатиш, балки энг аввало энг ожиз қатламларга беришни ўйлаш керак, лекин ҳозирча бу каби приоритетларни ҳеч ким ишлаб чиқмаган.

Унинг гуруҳи ўша юз миллионлаб вакциналарни ишлаб чиқариш бўйича Британия, Европа ва Осиёда еттита компания билан келишиб олган.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб камида саксонта коронавирус вакцинаси лойиҳалари давом этяпти. Уларнинг энг илғор иккитаси Британияда. Бу ерда ҳукумат Оксфорддаги лойиҳага 2,7 миллион доллар ажратди, Лондондаги Империал коллеж лойиҳасига эса 2,2 миллион доллар.

Империал коллеждагиси бироз орқада – у ерда вакцина кўнгилли одамларда июнь ойида синаб кўрилиши кутилади.

Олимлар буни пойга деб кўрмаслик кераклигини айтишмоқда – улар шундоқ ҳам одатда йиллар давом этадиган илмий ишларни бир неча ойда якунлашлари зарур бўляпти.

 

(Visited 3 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь

Ваша e-mail адреса не оприлюднюватиметься. Обов’язкові поля позначені *

Комментарии