Ўт ўчирувчилар аксарият тўсиқларга дуч келиши сабаби нимада?

Маълумки, бу ҳафта ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли ҳилдаги ёқилғи маҳсулотлари, иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж бир муддат ошади. Бу эса ўз навбатида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларининг бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиш эҳтимоли ошишига олиб келиши мумкин. Электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш ёки эҳтиётсизлиги туфайли қисқа туташув ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Совуқ кунларида уларнинг бенуқсон ишлашини таъминлаш бугунги кунда аҳолининг энг муҳим вазифаларидан бири, десак янглашмаган бўламиз.

Бугун техноген ҳолатдаги бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабабчиси деярли инсоннинг ўзи десак муболаға бўлмайди. Ўрни келганда шуни таъкидлаш лозимки, туман маҳаллаларидаги ёнғинлар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида ёнғин хавфсизлиги ходимларининг хонадонларга кириб, уларга тинчлик осойишталик тилаб, ёнғиннинг олдини олиш бўйича берган тавсияларига ҳаммага вақт ҳам тўлиқ амал қилинмаслиги ачинарли ҳолдир. Афсуски, бунинг натижасида қанчадан-қанча хонадонларда ёнғин содир бўлиб, ёнғинлардан мулк эгаларига моддий зарар етказилишини юқоридаги келтирилган мисоллар орқали ҳам билиб олиш мумкин. Мутахассисларнинг айтишича, аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида ўтказилган ўрганиш ва текширувлар давомида бир қанча камчилик аниқланмоқда. Кўп қаватли уйларда олиб борилган ёнғинга қарши профилактик тадбирлар давомида қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш, эвакуация йўлларининг тўсиб қўйилиши ертўлаларда ва чордоқларда меъёридан ортиқча ёнувчи маҳсулотлар сақлаш, носоз дудбуронлардан фойдаланиш, газ таъминотига ностандарт шланглар орқали уланиш ва бошқа камчиликлар аниқланиб, тегишли идора вакиллари билан ҳамкорликда уйма – уй юриб фуқаролар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, муаммолар бартараф этилмоқда.

Мурод Содиқов, ФВВ Матбуот хизмати раҳбари:

– Айни кунларда мамлакатимизда кунларнинг кескин совиши кузатилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли ўртасида иситиш мосламаларига бўлган талабни орттиради. Бундай вазиятларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисаларнинг содир бўлиши ҳам бор гап. Шундан келиб чиққан ҳолда, биринчи навбатда аҳолини дудбуронларнинг созлик ҳолатига алоҳида эътибор беришларини сўрардик. Аксарият ҳолатларда, афсуски, айнан ушбу омил инсонларнинг ис газидан заҳарланиши билан боғлиқ ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомлардан асло фойдаланманг, газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига қатъий риоя этинг. Эътиборингизни яна бир муҳим жиҳатга қаратмоқчиман, бир вақтнинг ўзида битта розеткага бир нечта электр мосламаларини улаб, фойдаланманг. Шунингдек, ёш болаларни назоратсиз қолдирманг. Шу ўринда фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда республика бўйлаб кенг кўламли профилактик тадбирлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Сўнгги вақтда ёнғин бўлаётган манзилга қисқа дақиқа ичида етиб келсада, ўт ўчириш хизмати машиналарининг киришига шароит йўқлиги, сабаби эса ўт ўчириш машиналарининг яқин боришга монелик қилувчи тўсиқлар сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

-Ҳа, дарҳақиқат, ёнғин содир бўлган жойга етиб бориш вақтида ёнғин-қутқарув экипажи аксарият ҳолларда бир қанча тўсиқларга дуч келади. Бунга аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ўрнатилган турли кўринишдаги сунъий тўсиқларни мисол қилишимиз мумкин. Мазкур ҳолатлар ёнғин-қутқарув ва бошқа тезкор хизматларнинг ҳаракатланиши учун қатор ноқулайликларни вужудга келтирмоқда. Бу эса ўз навбатида қутқарувчилар вақтининг беҳуда сарфланишига олиб келмоқда. Шундай экан, бу каби сунъий тўсиқларни бартараф этиш лозим ҳисобланади. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларимиздан ўзбошимчалик билан ички кўчаларга тўсиқлар ўрнатмаслик, автотранспорт воситаларини яшаш уйларининг кириш йўлларига қўймасликларини сўрайди. Бундай ҳолатлар ҳам ёнғин ўчириш экипажларининг тезкор ҳаракатларини чеклайди. Хулоса қилиб айтганда, 2016 йилга солиштирилганда, кўп қаватли уйлар ҳамда бошқа инфратузилма объектларининг сони ошаётган бир вақтда ёнғинлар тенденцияси камайиб бормоқда.

Юқоридаги сингари кўнгилсизликларни бежизга мисол қилиб келтирмадик. Кўнгилсизликлар содир этилгандан сўнг минг пушаймон бўлиб ўтиргандан кўра, юқоридаги сингари нохуш воқеаларнинг олдини олган мақсадга мувофиқдир. Бу билан сиз ўзингизнинг минг машаққатлар эвазига яратилган моддий бойлигингизни асраб-авайлаган бўласиз. Шу сабаб бундай мавсумларда лоқайд бўлмасликка чақирамиз. Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар беринг.

 

Муножат Валиева

(Visited 16 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь