Саловат битилган зумрадлар

«Муғул» зумради Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган бобурийлар салтанатининг тўрт буюк ҳукмдорларидан бири – Аврангзеб замонига тегишли тарихий нақшинкор зумраддир. Бу қимматбаҳо тош энг катта нақшинкор зумрад саналади.  Шунингдек, у дунёдаги энг машҳур зумраддир.

 217,80 каратли  тўқ яшил тош бобурийлар Ҳиндистонда ҳукмронлиги  даврдаги энг улкан маданий мерослардан биридир. Ўша пайтда зумрад ва бошқа турдаги қимматбаҳо тошларга зеб бериш санъат даражасига чиққан эди. Бунинг ажабланарли томони йўқ, чунки бобурийлар салтанатида хизмат қилувчи заргар усталар олмосда мураккаб нақш тушириш сирларини шу қадар мукааммал эгалалган эдиларки, бугунги кунда бу ишлар лазер технологияси ёрдамида амалга оширилади.

Аммо қадимги усталар бу қийин ишни қандай амалга оширганларини замонавий тадқиқотчилар ҳанузгача тагига ета олганлари йўқ. Зумрад каби тез синувчан тошлар қайта ишлаганда бўлакланиб кетади ва қимматбаҳо тошнинг қиймати йўқолади. Шу сабаб ҳам бобурий усталарнинг санъатига тан бериш мумкин.

“Муғул” зумради устида  моҳир заргарлар шу қадар усталик билан ишлаганларки, унинг бир тарафига нақшлар туширилган, иккинчи тарафида эса араб алифбосида сўзлар туширилган. Тошнинг тўрт томонидан очилган махсус бўртиқлар уни салла ёки либосда тақинчоқ сифатида тақиб юриш имконини беради.

Араб алифбосидаги ёзувлар араб ҳуснихатининг ажойиб кўринишдаги намунасидир. Бу ёзувларда шиаларнинг саловати битилган. Охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳивасалламга  ва ўн икки имомга саловат битилган: “Ё Раҳим! Ё Раҳмон! Ё Аллоҳ! Аллоҳ Муҳаммад ва Алини, Фотима ва Хасанни, Ҳусанни ва Алини, Муҳаммадни, Жаъфарни, Мусони ва Алини, Муҳаммад ва Алини, Хусайн ва саботли Махдидан рози бўлсин”.

“Муғул” зумради энг катта ёзув туширилган зумраддир. Шунингдек, бу зумрад бобурийлар салтанати даври муҳрланган ягона нақшинкор зумрад бўлиб, у барча ҳинд зумрадлари учун андаза бўлган.

“Муғул” зумрад тошидаги ёзувларда 1695-96 йиллар муҳрланган, бу даврда салтанатни Аврангзеб бошқарган (1658-1707). Тахминларга кўра, зумрад тош ҳукмдорга тегишли бўлган, аммо шуни унутмаслик лозимки, Аврангзеб сунний бўлган. Шу сабаб ҳам ушбу зумрад Аврангзеб қўшинида хизмат қилган, келиб чиқиши шиа бўлган қўмондон ёки Аврангзеб маҳв этган Декан султонлигидаги султонлардан бирига тегишли бўлган. Зумрад тошдаги ёзувлар шиалар бошқарган Голконда ёки Бижапур султонларидан бирортасига тегишли бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам мавжуд.

Қолаверса, Аврангзебга тегишли бўлган қимматбаҳо тошлар охир-оқибат Кажар салтанатига тегишли Эрон шохларининг тожи, қиличи, қалқони, кундалик ишлатиладиган буюмлари, тақинчоқларига зеб бериш учун ишлатилган. “Муғул” зумради Аврангзебга тегишли бўлганида эди, шубҳасиз Эрон шоҳларининг хазинасидан жой олган бўлур эди.

1958 йили “Муғул”ни Ҳиндистонга қимматбаҳо тошлар сотиб олиш илинжида келган америкалик коллекционер Алан Каплан сотиб олди.  Унинг вафотидан сўнг меросхўрлари зумрадни аукционга сотувга қўйишди. Christie’s of New York аукционида зумрад тош 2,2 миллион долларга сотилди. Бу рекорд кўрсатгич.  Хабарларга кўра,  ушбу зумрад тош ҳозирда Қатардаги ислом санъати музейида сақланмоқда.

Маълумки, бир нечта шахсий коллекционерлар коллекциясида бобурийлар ҳукмронлиги даврида ишланган зумрад тошлар сақланади, аммо уларнинг хажми нисбатан кичик. Оғирлиги 142 ва 46 карат келадиган, Қуръон оятлари туширилган иккита зумрад Оға-хон III га тегишли бўлиб, унинг вафотидан кейин сотилган.

Араб ҳарфлари туширилган учта зумрад Қувайтлик Ал Сабоҳ коллекциясига тегишли.  Бирининг оғирлиги 85,6, иккинчиси 73,2 карат келадиган бу зумрадларда муқаддас Қуръони карим оятлари  нақши туширилган. Бу коллекциядаги учинси зумрад – 59,60 каратли бўлиб, унда хижрий 1153 йил ва Нодиршоҳ исми туширилган.

 

Дилфуза Зарипова 

(Visited 57 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь

Ваша e-mail адреса не оприлюднюватиметься. Обов’язкові поля позначені *

Комментарии