Шавкат Мирзиёев: «Ижтимоий-гуманитар фанлар ривожи замондан ортда қолмоқда»

Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 19 январь, сешанба куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда сўз юритилди.

«Миллий маънавиятимизни ривожлантириш, уни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётига сингдиришда ижтимоий-гуманитар фанларнинг аҳамияти жуда катта. Афсус, бу фанлар ривожи замондан ортда қолмоқда. Хусусан, биз учун ниҳоятда долзарб бўлган тарих фани ҳам бундан мустасно эмас. Тарихга оид илмий тадқиқот ишлари асосан баёнчилик, публицистик усулда олиб борилмоқда. Натижада, олис ва яқин ўтмишимиздаги кўпгина воқеалар моҳияти, уларни юзага келтирган омиллар ва тарихий қонуниятлар очилмасдан қолмоқда.

Бир ҳақиқатни барчамиз чуқур англаб олишимиз зарур: миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда, унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур. Бунинг учун, аввало, Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишимиз вақти-соати келди, деб ўйлайман. Тарих институтини бу фанни ривожлантириш бўйича таянч илмий муассаса этиб белгилаш керак», — деди Президент.

Давлат раҳбари Фанлар академияси қошидаги «Энг янги тарих» маркази ходимларининг ойлик иш ҳақи миқдорини илмий-тадқиқот институти ходимлари маошига тенглаштириб, унинг фаолиятини кучайтириш кераклигини қайд этди.

«Шунингдек, таълим муассасаларида тарих фанини ўқитиш ва тарғиб этиш ишларини тубдан яхшилаш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим. ‘Ўзбекистон тарихи’ телеканали ватанимизнинг шонли тарихи ва аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини тўлақонли кўрсатиб берадиган, халқимиз, айниқса, ёшларимиз севиб томоша қиладиган илмий-маърифий каналга айланиши керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев масъулларга бир ой муддатда тарих фанини ривожлантириш тўғрисида Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш топшириғини берди.

(Visited 3 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь