Совуқ ҳавода кайфиятни кўтарувчи маҳсулотларни биласизми?

Бир неча кундирки, юртимизда совуқ ҳаво ҳукмрон. Қиш кунлари ёруғлик ва иссиқликнинг етишмовчилиги туфайли биз ўзимизни тушкун ва қувватсиз сезамиз. Чунки кўплаб витаминлар ва гормонал моддалар қуёш нурлари таъсирида синтезланади. Ечим сифатида қуйидаги маҳсулотларни рационга қўшиш кайфиятингизни оширишига кафолат берамиз.

Бу қандай ишлайди?

Қишда ёруғликнинг камайиши туфайли тушкунлик юзага келишини мутахассислар мавсумий аффектив бузилиш деб аташади. Организмда серотонин синтези  сезиларли камаяди, бунинг устига, совуқ кунларда уйқу ва кайфиятни тартибга соладиган гормон – мелотонин ишлаб чиқарилиши ҳам бузилади. Аммо айрим мҳсулотлар керакли минераллар ишлаб чиқарилишини фаоллаштириб, қишки мавсум асоратларини пасайтиради. Гап уларнинг таркибида, бу маҳсулотлар моддалар алмашинувини тезлаштирувчи бирикмаларга эга.

  1. Мева ва сабзавотлар

Мева ва сабзавотлар катта миқдорда антиоксидант ва ўсимлик мойи сақлагани учун депрессиянинг олдини олади. Бундан ташқари, дуккаклилар, апельсин, исмалоқ ва ромен салат барги ҳам фолий кислотасига бой. Бу модданинг етишмовчилиги серотонин синтезини тўхтатиб қўяди ва депрессия ҳолатига сабаб бўлади.

  1. Қовоқ уруғи

Бу сабзавот уруғи триптофанга – серотонин ишлаб чиқарилишида муҳим бўлган аминокислотага бой. Уларни яхшиси, қуритилган, аммо қовурилмаган ҳолатда истеъмол қилган маъқул. Чунки юқори ҳарорат натижасида фойдали моддаларнинг бир қисми йўқолади. Қовоқ уруғини шўрвалар, салат ва енгил тамаддига қўшинг.

  1. Таркибида какао миқдори 75%дан баланд бўлган шоколад

Шоколад ёмон кайфиятга даъво сифатида машҳур. Унинг таркибидаги триптофан ва бошқа моддалар эндорфин – бахт гормони ишлаб чиқарилишини фаоллаштиради. Аччиқ шоколад таркибида В гуруҳи витаминлари, магний ва кофеин тетиклик ва куч бағишлайди. Фойдали моддаларга эга бўлиш учун шоколаднинг таркибидаги какао 75% дан кам бўлмаслигига эътибор қаратинг, акс ҳолда ҳеч қандай фойда олмай, шунчаки кунлик калорияларни кўпайтирган бўласиз.

  1. Зафарон

Айрим психиатрлар зафарон депрессиядан халос бўлишга ёрдам беради, деб ҳисоблашади. Гап шундаки, унинг таркибидаги моддалар серотонин ишлаб чиқарилишини кўтаради ва кайфиятни яхшилайди.

  1. Мойчечакли чой

Куннинг қисқариши циркад ритми, яъни биологик соатларимизни ўзгартириб юборади. Шунинг учун ҳам ухлашга қийналамиз, кундузи эса қувватсиз юрамиз. Ритмни қайтаришга мойчечакли чой кўмаклашади. Дамламани доимий ичиб юриш уйқуни мустаҳкамлайди ва фикрлаш жараёнини тезлаштиради.

  1. Ёғли балиқ

Ёғли балиқ ва денгиз маҳсулотлари тўйинмаган омега-3 ёғига бой. Инсон организми бу моддани мустақил синтез қила олмайди, шунинг учун уни бу маҳсулотлар билан таъминлаб туриш керак. Омега-3 дофамин ва сератонин синтези, шунингдек, асаб тизимининг мувозанатда ишлаши учун зарур.

  1.  Углеводли овқатлар

Кундалик рационидаги углевод миқдорини 20-40 граммгача камайтирган одамлар ваҳима ва депрессияга мойил бўлишади. Гап секин углеводлар ҳақида. Кайфиятингиз яхши бўлиши учун бутун бошоқлар, мевалар, дуккаклилар истеъмолини канда қилманг.

 

Шарофат Маҳмудова тайёрлади

(Visited 1 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь