Тошкентда вакцина ташиш учун берилган янги машиналар ЙТҲга учради

Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳада вакциналарни ташиш учун мўлжалланган бир нечта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ ахборот хизмати Тошкентда вакцина ташувчи «Changan» русумли автомобиллар билан содир бўлган ЙТҲ юзасидан маълумот берди.

«2021 йилнинг 23 феврал куни соат 11:30ларда Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳа яқинида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудий бошқармаларга фойдаланиш учун топширилиб, олиб кетилаётган “Changan” русумли автомобил ҳайдовчиларидан бири кескин тормоз босиши оқибатида ортида ҳаракатланаётган худди шу русумдаги 6та автомобилнинг ҳам кескин тўхташи ва тўқнашуви юз берган», дейилади хабарда.

ЙТҲ оқибатида 2та автомобил техник шикастлангани, тан жароҳати олганлар йўқлиги қайд этилган. «Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳодиса содир бўлиш сабабларига ойдинлик киритилмоқда.

Барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлишларини, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини сўраб қоламиз», дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълумотида.

(Visited 30 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь