Барча номзодлар овоз бериб бўлди
Президентлик сайловларида номзодлар ҳам Тошкент шаҳридаги турли сайлов участкаларида овоз бериб бўлди.

Ўзбекистонда президент сайлови бошланди. 24 октябрь куни соат 08:00 дан мамлакатдаги барча сайлов участкалари давлат мадҳияси садолари остида очилди. Овоз бериш жараёни соат 20:00 га қадар давом этади.
Соат 9:00 ҳолатига кўра, республикада давомат кўрсаткичи 12,3 фоизни кўрсатмоқда. Сайловчилар Фарғона (16,9), Андижон (16,1), Наманган (14,9) ва Жиззах (13,3) вилоятларида фаоллик кўрсатишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани Алишер Навоий маҳалласидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг 9 нафар оила аъзоси ҳам сайлов участкасида бўлди, сайлов ҳуқуқига эгалар овоз беришди.


Сайловда президентликка номзодлардан биринчи бўлиб Ўзбекистон Экологик партияси номзоди Нарзулло Обломуродов қатнашди. У Тошкент шаҳридаги 579-сайлов участкасида оила аъзолари билан бирга овоз берди.

Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Мақсуда Ворисова пойтахтнинг Учтепа туманидаги 206-сайлов участкасида овоз берди. Унга ҳам турмуш ўртоғи ва оила аъзолари ҳамроҳлик қилган.

"Адолат" социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Шайхонтоҳур туманидаги 132-мактабда ташкил этилган 405-сайлов участкасида оила аъзолари — рафиқаси, ўғли, келини ва неваралари билан бирга овоз берди.

"Миллий тикланиш" демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров рафиқаси билан бирга Тошкент шаҳридаги 116-сайлов участкасига келиб, оовз беришди.








