Табиий газ энди огоҳлантиришсиз ўчирилмайди
Ҳозирги кунда кўплаб фуқаролар мурожаатларида табиий газ билан боғлиқ муаммолар долзарблигича қолмоқда. Эндиликда табиий газ огоҳлантиришсиз ўчирилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Баҳодир Ваҳобов маълум қилди.


“Ҳозирги кунга қадар икки миллионга яқин хонадонга электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилди. Барча истеъмолчиларнинг телефон рақамлари базага киритилган. Агарда истеъмолчида қарздорлик аниқланса, унга албатта хабарнома юборилади ва қарзни тўлаш учун беш кун муддат берилади".
Электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмаган хонадонлар эгаларининг рақамлари ҳам базага киритилган ва уларда ҳам қарздорлик мавжуд бўлса, табиий газ ўчирилиши ҳақида огоҳлантирилади.
“Илгари газ огоҳлантиришсиз ўчириларди. Энди бундай ҳолат бўлмайди. Фавқулодда ҳолатларда эса аҳоли маҳаллий ҳокимлик органлари орқали хабардор қилинади”, - дейди Б. Ваҳобов.
Аввалроқ Президент газ бўйича одамларнинг норозилиги ҳамда стратегик ташкилотларга газ учун оширилган коэффициент бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







