Жанубий Кореяда ўзбекистонликлар уюшмаси очилди

Жанубий Корея ҳудудида ташкил этилган ва расмий рўйхатдан ўтган Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси фаолларининг биринчи онлайн-видеоконференцияси ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур конференцияда янги уюшманинг ташкилотчилари ва фаоллари 2020 йил 31 октябрь куни мазкур жамоатчилик ташкилотининг расмий очилиш маросимини ўтказиш ва бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қилди.

Онлайн-анжуманда, шунингдек, уюшманинг истиқболдаги вазифалари, унинг фаолияти доирасида муҳокама қилинадиган муҳим масалалар, жумладан кенг жамоатчилик эътиборига молик бўлган ижтимоий ва молиявий кўмак лойиҳаларини амалга ошириш каби вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Иштирокчилар янги ташкил этилган Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси ўз фаолиятини Жанубий Корея ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини юритаётган ватандошлар, талабалар, тадбиркорлар, доимий яшаётган ҳамда бошқа мақсадларда бўлиб турган юртдошларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратишини таъкидлади.

Шунингдек, уюшма фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш, тиббий ва ҳуқуқий маслаҳатлар бера олиш имкониятларига эга бўлиши зарурлиги айтиб ўтилди. Бу борада Жанубий Кореядаги ватандошлар ўз билим ва тажрибалари билан амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлашда фаол қатнашишини билдирди.

Онлайн-видеоконференцияда Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихона ходимлари иштирок этиб, уюшманинг бошқарув органи ва фаоллари олдида катта масъулиятли вазифалар турганини таъкидлади.

(Visited 7 times, 1 visits today)
Йиғилиш

Залишити відповідь

Ваша e-mail адреса не оприлюднюватиметься. Обов’язкові поля позначені *

Комментарии