Тошкентга кириб келишдаги марказий йўллардан бири бир ҳафтага ёпилади
Сал аввал шу тумандаги 7 та метро бекати ҳам вақтинча ёпилиши хабар қилинганди.

2025 йил 25 июнь соат 24:00 дан бошлаб 1 июлгача Яшнобод туманидаги Оҳангарон шоҳкўчасининг Роҳат айлана чорраҳаси – собиқ ТАПОиЧ кўприги оралиғидаги қисми автомобиллар ҳаракати учун ёпилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мазкур ҳудудда бир ҳафта давомида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ҳайдовчиларга муқобил йўналишлардан фойдаланиб, Бектемир шоҳкўчаси, Фарғона йўли кўчаси, Маҳтумқули кўчаси ва Янги Ўзбекистон кўчаларидан ҳаракатланиш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, сал аввал хабар қилинганидек, айнан Яшнобод туманида жойлашган 7 та метро бекати ҳам вақтинча ёпилмоқда.
Ҳудудда ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида шу йўналишда катта сиғимли бепул автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилмоқда. Метробуслар ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача аҳолига хизмат кўрсатади.
Маълумот учун: 8 июндан бошлаб “Турон” ва “Қипчоқ” бекатлари оралиғида ҳам поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган эди.







