Тарихий кун: “Samarkand-2028” сунъий йўлдоши муваффақиятли орбитага чиқарилди
“Samarkand-2028” номи 2028 йилда Халқаро астронавтика конгресси Самарқанд шаҳрида ўтказилишига ишора қилади.

Ўзбекистоннинг “Samarkand-2028” сунъий йўлдоши муваффақиятли орбитага чиқарилди. Мазкур лойиҳа мамлакат тарихидаги энг йирик халқаро космик ташаббуслардан бири бўлиб, миллий космик дастур ривожида янги босқични бошлаб берди.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, миллий муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва космик технологиялар соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари томонидан сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модули ишлаб чиқилган. Ушбу технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитада қайта ишлаш имконини бериб, маълумотларни узатиш ва таҳлил қилиш самарадорлигини оширади.
“Samarkand-2028” миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларни кузатиш ҳамда шаҳарсозлик каби йўналишларда космик технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Сунъий йўлдошга берилган “Samarkand-2028” номи ҳам рамзий аҳамиятга эга. У 2025 йилда Сидней шаҳрида ўтказилган Халқаро астронавтика конгрессида (ИАС) 2028 йилги конгресс мезбонлиги Самарқанд шаҳрига берилганини ифодалайди.
Фазога учириш жараёнини тўлиқ қуйидаги ҳаволаларда томоша қилиши мумкин:
https://www.youtube.com/live/wrJzZe_G9wk?feature=shared
https://www.linkedin.com/events/7490552641425465344/theater/








