1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

4 та ҳудудда амалдорлар пора билан қўлга тушди

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

4 та ҳудудда амалдорлар пора билан қўлга тушди

Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида коррупцион ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақида ДХХ Zamon.uz'га маълум қилди. 

 

Қайд этилишича, Ўзбекистон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Наманган вилоят ҳакамлик суди судьяси Чуст туманида яшовчи шахсга мазкур туманнинг “Мустақиллик” МФЙдаги 6 сотих ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган баҳсли нотурар бинога эгалик ҳуқуқини берувчи ҳал қилув қарорини чиқариб бериш эвазига 3200 АҚШ доллари талаб қилган.

 

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда  ҳакамлик суди судьяси ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

 

Ўтказилган бошқа тезкор тадбирда эса Фарғона вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Ўзбекистон туманидаги чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликнинг наслчилик тоифасига ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб берганлиги эвазига мазкур хўжаликнинг иш бошқарувчисидан 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. 

 

Дастлабки суриштирув тадбирлари давомида бош мутахассис ушбу пул маблағини вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилган ва мазкур мансабдор шахс 300 АҚШ долларини олган вақтида ушланган. 

 

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда, Пастдарғом туманида бухгалтерия хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари 2 нафар фуқарони ишончига кириб, уларни ўзи бухгалтерия ишини олиб бораётган корхоналарнинг гўёки ишчи ходими бўлганликлари ҳақида сохта маълумотлар киритиш орқали иш стажларини кўпайтириб, ҳар бирига 2,5 млн сўмдан пенсия тайинланишини “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Пастдарғом туман бўлими ходими билан ҳал қилиб, нафақага чиқариб бериш эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилган. 

 

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари келишилган пулдан 1900 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.  

 

Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг 2 нафар бўлим бошлиғи ўз хизмат мавқеиларидан фойдаланган ҳолда, қурилиш фирмаси томонидан Бўзсув канали ҳудудига тўкилган чиқинди тупроқлар учун 60 млн сўм миқдорида жарима қўлланилиши юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига тамагирлик йўли билан 30 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. 

 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика