Кеча, 29 сентябрь куни Афғонистон ҳудуди бутунлай интернетдан узиб қўйилди. Бу ҳақида NetBlocks халқаро веб-мониторинг хизмати маълум қилди.
“Айни пайтда Афғонистонда интернетнинг тўлиқ узилиш ҳолати кузатилмоқда. Эрталаб бир нечта тармоқлар босқичма-босқич ёпилди, эндиликда бу телефон хизматларига ҳам таъсир кўрсатмоқда”, — дейилади хабарда.
NetBlocks буни Толибоннинг “ахлоқсизликнинг олдини олиш” сиёсати билан изоҳлади. Толибон икки ҳафта олдин Афғонистонда интернетга киришни чеклаш режасини эълон қилган эди.
“Ушбу чора ахлоқсизликнинг олдини олиш учун қабул қилинган ва мамлакатда ахборотга бўлган эҳтиёжларни қондириш учун бошқа муқобил вариант яратилади”, деган эди мулозимлардан бири.
Мутахассисларнинг фикрича, бу чора мамлакатдаги ахборот эркинлигини янада чеклайди. Интернетнинг узилиши таълим, бизнес ва аҳолининг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, онлайн дарслардан фойдаланиб келган қизлар ва аёллар учун имкониятлар кескин чекланмоқда.
Халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Афғонистондаги бу қарорни кескин қоралаб, уни фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқига қарши ҳужум деб аташмоқда.
Ҳукумат интернет узилишининг қанча давом этишини ҳозирча очиқламаган. Шу билан бирга, кузатувчилар бу сиёсат мамлакат бўйлаб узоқ вақт авом этишидан хавотир билдирмоқда.


