энг долзарб
|
19 Март 09:57
228
энг долзарб
|
19.03.2022, 09:57
228

Алимент пуллари ота ёки онанинг ҳақи эмас, фарзанд учун тўланади

Кўпинча болага алимент тўлаш ҳақида гап кетганда, асосан, бу ишга оталарни масъул деб биламиз.

 

Бироқ орамизда ажрашгач, фарзандини отасида қолдириб, ўзи боласининг таъминоти учун алимент тўлаётган оналар ҳам йўқ эмас.

 

Мажбурий ижро бюроси Чилонзор тумани бўлими давлат ижрочиси Аҳрорхон Рустамхўжаев билан суҳбатимиз алимент тўловчи оналар ва шу ҳақда бўлди.

 

— Оила кодексида алимент тўлаш мажбурияти, айнан, аёл ёки эркак деган чегара йўқ. Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар туманларининг иш юритувида алимент тўловчи аёллар ҳам бор. Биласизми, суд алимент ундирувчига мажбурият юклаганидан сўнг суд қарорини муҳокама қилмаймиз. Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, қарздор алиментчилар орасида айрим эркакларга қараганда аёллар мард. Улар одатда тўловни ҳар доим ўз вақтида тўлаб келади.

 

— Собиқ турмуш ўртоғининг шахсий ҳаётига аралашиб, “шантаж” қилса, қарздор алимент тўлашдан воз кечиши мумкинми?

 

— Ишхонага бориб обрўсизлантириш ёки жанжал кўтариш ҳолатлар бўлса, эркакнинг ҳам кўнгли совиб, алимент тўлашдан бош тортади. Чунки эркак собиқ турмуш ўртоғи томонидан обрўсизлантирилгач, қасддан тўловни амалга оширгиси келмайди. Аммо биз давлат ижрочилари шундай вазиятларда ҳар доим эркакни жиловидан тортиб, бир нарсани эслатиб қўйишимиз керак: аёл қанчалик ноқобил бўлмасин, алимент пуллари фарзанд учун тўланади.

 

— Ота ёки она алимент учун тўлаётган пулларини қаерга сарфланаётганини билиш мумкинми?

 

— Мисол учун, қарздор ота собиқ турмуш ўртоғига тўлаётган алиментларини болаларининг манфаатлари учун сарфлаяптими ёки йўқми, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб текширтириб кўриши мумкин. Чунки алимент онанинг пули эмас. У фарзанднинг таъминоти учун ундириладиган маблағ.

 

— Бир ёки ундан ортиқ эркаклардан алимент ундириб, уни турмуш кечириш манбаига айлантириб олган аёллар ҳам учрайдими?

 

— Бу пуллари билан яхши турмуш кечириш мумкинми?! Алимент барибир маълум миқдорда белгиланган ёки иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бир нафар фарзанд учун ҳозирги кунда 750 минг сўм атрофида алимент тўланадиган бўлса, бу даромад манбаи бўлолмайди. Фарзанд она қарамоғида бўлса, таъминот учун қанчадир миқдорда сарфлашига тўғри келади. Алимент олиб туриб, фарзандини меҳрибонлик уйига топшириб юбориши мумкин эмас. Бунақа вазиятда тегишли ташкилотлар томонидан даъво ариза қўзғатилиб, онани ўзидан ҳам боланинг фойдаси учун алимент ундиришга қарор чиқарилиши мумкин.

Фотима Набиева суҳбатлашди.