The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Исроил билан йирик ҳарбий битим тузиш бўйича Конгрессдан рухсат сўраган. Битим қиймати қарийб 6 миллиард долларни ташкил этиб, охирги йилларда имзоланиши кутилган энг йирик мудофаа шартномаларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Маълумотларга кўра, пакет таркибига 3,8 миллиард долларлик 30 дона AH-64 Apache жанговар вертолётлари, шунингдек, 1,9 миллиард долларлик 3250 дона пиёда жанговар машинаси киради. Бироқ техникалар Исроилга бирданига эмас, икки-уч йил давомида босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.
Ҳужжатларда қайд этилишича, харид маблағлари АҚШнинг хорижий ҳарбий ёрдам жамғармаси ҳисобидан қопланади. Исроил эса одатдагидек қурол-ёроғни кўп ҳолларда шу ёрдам дастури орқали, яъни Америка солиқ тўловчилари маблағлари эвазига олади.
Битим тасдиқланиши учун Давлат департаменти Конгресснинг ташқи алоқалар бўйича қўмиталари раҳбарларидан – икки республикаччи ва икки демократ арбобдан розилик олиши лозим. Қонунчилик тартибига кўра, бундай йирик шартномалар аввал қўмита раҳбарлари томонидан маъқулланади, сўнгра расмий равишда Конгресс ва жамоатчиликка эълон қилинади.
Хабарларга қараганда, мазкур таклиф 9 сентябр куни, Исроилнинг Қатарда жойлашган ҲАМАС етакчиларига қарши амалга оширган ҳаво ҳужумидан аввал Конгрессга тақдим этилган. Кейинчалик юзага келган воқеалар сабабли Давлат департаменти қўшимча мурожаат ҳам йўллаган.
Расмийлар ҳозирча изоҳ бермаган бўлса-да, мутахассисларнинг фикрича, битим АҚШнинг Исроилга нисбатан ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш сиёсати янада кучаяётганидан далолатдир. Шу билан бирга, мамлакат ичида солиқ тўловчиларнинг маблағларидан фойдаланиш масаласи бўйича баҳс ва эътирозлар юзага келиши мумкин.


