Дунё
|
18 Июл 08:30
254
Дунё
|
18.07.2021, 08:30
254

АҚШ космосдаги инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун дунё бўйлаб жосуслик базаларини қуради

АҚШ космосдаги Россия ва Хитой таҳдидларига қарши туриш учун дунёнинг турли бурчакларида учта жосуслик базаси ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Sky News» хабар берди.

 

Маълум бўлишича, базалар Шотландия, АҚШнинг Техас штати ва Австралияда қурилиши режалаштирилган. Улардан биринчиси 2025 йилда ишга туширилиши айтилган.

 

Журналистларнинг ёзишича, базалар Россия ёки Хитой каби давлатларнинг сунъий йўлдошларга ҳужум қилишга уринишини кузатиб бориш учун керак бўлади.

 

Таъкидланишича, улар 36 000 километргача бўлган масофадан футбол тўпи ўлчамидаги мосламаларни аниқлай оладиган радар технологияси билан жиҳозланади.

 

«Бу керак, чунки биз орбитада тизимларимизга таҳдид солиши мумкин бўлганларни доимий равишда кузатиб боришни истаймиз», — деган АҚШ космик кучлари подполковниги Жек Уолкер.

 

Буюк Британиянинг Қироллик кучлари раҳбари Майк Уигстон баъзи мамлакатларда Ердан орбитадаги нишонларни ура оладиган лазерлар ҳамда бошқа сунъий йўлдошларга халақит бериши мумкин бўлган мосламалар ишлаб чиқилаётганини таъкидлаган.

 

«Биз космосдаги муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишга тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳозирда Россия ва Хитой каби сунъий йўлдошларга хавф туғдирадиган тизимларни ривожлантираётган мамлакатлар мавжуд», — деб таъкидлаган у.