АҚШ Давлат департаменти мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган бир қатор қонуний муҳожирларнинг визаларини бекор қилди.
Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт маълум қилди дейди Тасс.
Қайд этилишича, Давлат котиби Марко Рубио ўз ваколатидан фойдаланиб, АҚШга қонуний равишда кирган бўлсада, расмийлар томонидан “потенциал хавфли шахслар” сифатида баҳоланган муҳожирларнинг визаларини амал қилишини тўхтатган.
Керолин Левиттнинг таъкидлашича, Давлат департаменти АҚШ визасига ариза топширувчилар учун қўйиладиган талаблар ва текширув тартибларини янада кучайтирган.
Мазкур қарор АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (УССИС) томонидан бошпана сўровларини вақтинча кўриб чиқишни тўхтатиш жараёнига тўғри келди. Президент Доналд Трамп маъмурияти бошпана изловчиларни депортация қилиш ва учинчи дунё давлатларидан келувчи шахсларни қабул қилиш жараёнини номаълум муддатга музлатиб қўйиш режаларини маълум қилган.
Шунингдек, Давлат котиби Рубио АҚШ расмийлари томонидан Афғонистон фуқаролари учун виза бериш жараёнлари ҳам тўхтатилганини билдирган эди. Бу қарор Оқ уй яқинида содир бўлган отишма ортидан қабул қилинган бўлиб, ҳодисада гумонланувчи сифатида Афғонистон фуқароси қўлга олинган.


