Ижтимоий тармоқларда дунё бўйлаб Lamborghini автомобилида саёҳат қилаётган АҚШлик блогер Ўзбекистонда бўлгани ва у Ўзбекистондан чиқиб кетаётганда муаммога дуч келгани ҳақида видеомурожаат эълон қилганди.
Блогернинг айтишича, у уч кун давомида Ўзбекистондан чиқиб кета олмаган, сабаби автомобили Ўзбекистонда бўлгани учун йиғим тўлаши керак бўлган. Сайёҳ уни тўлашга тайёр бўлган, аммо божхона постида карта орқали тўлов учун терминал ишламаган. Унинг қўлида эса бундай миқдорда нақд пул бўлмаган, энг яқин банкомат эса 40 км узоқликда жойлашгани учун чегара ҳудудини тарк эта олмаган.
Ҳолат юзасидан божхона қўмитаси муносабат билдирди. Қайд этилишича, хорижий фуқаро ўзи бошқарувидаги Lamborghini’нинг Ўзбекистонда бўлиш муддатини салкам 2 ойга ўтказиб юборганлиги ва шу боисдан автотранспорт воситасини олиб чиқишга тақиқ қўйилган.
У белгиланган тартибда 23 млн 72 минг сўм миқдоридаги йиғимни тўлаган ва маъмурий жавобгарликдан озод этилган. Хорижий шахс ўзининг автотранспорт воситасида Ўзбекистондан кузатиб қўйилган.
“Хорижий шахс бевосита банк шохобчасига борган ҳолда валюта алмаштириш ва пул нақд қилиш каби банк амалиётларини дам олиш кунларида амалга ошира олмагани сабабли мазкур жараённи бугун якунига етказилган.
Хорижий автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонда бўлиш муддати 90 кунни ташкил қилади. Мазкур ҳолатда эса хорижий автотранспорт воситаси Ўзбекистонга 2025 йил 2 май куни кириб келган ва уни қайтариб олиб чиқиб кетиш муддати 2 август қилиб белгиланган”, дейилади хабарда.


