Тошкент вилоятининг Бўзсув каналига оқова сувлари ташланаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан ўтказилган текширув натижалари эълон қилинди.
Лаборатория таҳлиллари “Бўзсув аэрация иншооти”нинг биринчи ва учинчи ташламаларида бир қатор кўрсаткичлар белгиланган меъёрлардан бир неча баравар юқори эканини кўрсатди. Жумладан, муаллақ моддалар, аммоний иони, азот нитрит, сулфат, фосфатлар, БПК, нефть маҳсулотлари, шунингдек, мис ва темир меъёрлардан анча ошиб кетгани аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, атроф-муҳитга етказилган зарар оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм миқдорида қўшимча компенсация тўлови белгиланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 205- ва 207-моддалари асосида “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


