4 сентябрдан эътиборан мамлакатимизда йўловчи ва юк ташиш соҳасида меҳнат интизомини бузиш ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик учун жарималар оширилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати тасдиқлаган янги қонунда белгиланган.
Қонунда белгиланишича:
Халқаро ва шаҳарлараро ташишларда белгиланган дам олиш режимини бажармаган ҳайдовчилар 7 БРВ (2 884 000 сўм) миқдорида жаримага тортилади.
Темир йўл ва метрополитен тизимида хавфсизлик қоидаларини бузган масъул шахслар ҳамда ходимларга 10 БРВ (4 120 000 сўм) гача жарима қўлланади.
Янги тартиблар йўловчи ва юк ташиш жараёнларида хавфсизликни таъминлашни кучайтиришга қаратилган. Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда темир йўл транспорти ва метрополитенда 130 дан ортиқ жиддий қоидабузарлик қайд этилган, натижада 4 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган. Шунингдек, тартибга солинмаган темир йўл кесишмаларида юз берган 38 та ҳодисада 11 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Шу билан бирга, Транспорт назорати инспекцияси ваколатлари кенгайтирилди. Энди мазкур орган нафақат буйруқлар чиқариш, балки бевосита жарима қўллаш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Ушбу чоралар Президент томонидан илгари сурилган транспорт хавфсизлиги концепциясининг узвий қисми ҳисобланади. Унда ҳайдовчилик гувоҳномасини вақтинча бекор қилиш, қайта-қайта қоидабузарликларга чек қўйиш ҳамда имтиёзли жарима тўловларини бекор қилиш каби қатъий чоралар назарда тутилмоқда.


