Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида 16 октябрь куни тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида уч нафар мактаб ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, 27 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-1 русумли автомашина Марғилоний кўчасида ҳаракатланаётган ва йўлни кесиб ўтаётган ўқувчиларга йўл бермаган. Натижада тўқнашув содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида болалардан бири тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган, яна икки нафар жабрланувчига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳайдовчилардан мактаблар яқинидаги йўлларда ҳаракатланишда янада огоҳ бўлиш, тезлик меъёрларига қатъий риоя этиш ва болалар хавфсизлигини таъминлашни сўрамоқда.


