Буюк Британия, Австралия ва Канада томонидан Фаластин давлатини тан олиш қароридаcн сўнг Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Фаластин маъмуриятига қарши кескин чоралар кўришни таклиф қилди.
Вазирнинг фикрича, бундай қарорга жавобан Исроил Ғарбий соҳилда “зудлик билан ўз суверенитетини ўрнатиши” ва Фаластин маъмуриятини “тўлиқ бостириши” лозим. Бен-Гвир бу борадаги таклифини вазирлар маҳкамаси йиғилишида муҳокамага тақдим этишини маълум қилди.
Унинг позициясини “Оцма Йеҳудит” партиясининг бошқа аъзолари, жумладан, Негев, Галил ва миллий мустаҳкамлик вазири Йицҳак Вассерлаф ҳам қўллаб-қувватлади. Вассерлафнинг сўзларига кўра, “Исроил замини фақат Исроил халқига тегишли, Фаластин халқи ҳам, Фаластин давлати ҳам мавжуд эмас”.
Шу билан бирга, Канада Бош вазири Марк Карни Фаластин маъмуриятининг халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда сайловлар ўтказиш ва демилитаризация бўйича ислоҳотларни амалга ошираётганини қайд этди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Фаластинни тан олиш қарорини “ҲАМАС учун мукофот” деб баҳолади. Фаластин маъмурияти эса буни “мустақиллик сари муҳим қадам ва икки давлат ечимини сақлаб қолиш имконияти” сифатида талқин қилди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумат йиғилишида яқин кунларда БМТ Бош Ассамблеясида “ҳақиқатни айтиш” ва Исроилнинг позициясини халқаро майдонда тақдим этишини билдирди.


