Италиянинг қатор шаҳарларида Фаластин тарафдорлари томонидан ўтказилган норозилик намойишлари тўқнашувларга сабаб бўлди. Натижада кўчалар, темир йўллар ва портларнинг фаолияти вақтинча тўсиб қўйилди.
Миланда намойишчилар марказий вокзал ва унинг атрофида “Фаластинга озодлик” шиорлари остида чиқиш қилиб, Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақиришди ҳамда АҚШ байроғини ёқиб юборишди. Айрим иштирокчилар тутун бомбаларини ёққан, йўл белгиларини, ахлат қутиларини ва полиция тўсиқларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига улоқтирган.
Болоньяда полиция тартибсизликларни бостириш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди. Римда минглаб намойишчилар Термини вокзали атрофида тўпланиб, пойтахт шарқидаги ҳалқа йўлини ҳам тўсиб қўйишди.
Туринда талабалар университет кампусини тўсиб қўйган бўлса, Флоренцияда минглаб намойишчилар Леонардо қуролсозлик компаниясига қарши норозилик билдиришди.
Исроилга қарши чиқаётган чап қанот ташкилотлари Италия ҳукуматини Фаластин масаласида ўз позициясини аниқ белгилашга чақирмоқда. Бош вазир Жоржиа Мелони эса ёз ойларида “мавжуд бўлмаган Фаластин давлатини тан олиш тескари самара беришини” таъкидлаган эди. У, шунингдек, Миланда содир бўлган зўравонликларда иштирок этганларни қоралаб, уялишка чақирди.


