7 август куни Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармиаси ҳомийлигида жаҳонга машҳур санъаткор Женнифер Лопеснинг улкан концерти муваффақиятли ўтказилди. “Up All Night — LIVE IN 2025” гастрол сафари доирасидаги ушбу тадбир Осиёда ташкил этилган энг йирик концертлардан бири сифатида тарихда қолди ва Тошкентни нафақат мамлакат пойтахти, балки минтақанинг маданий марказига айлантирди.
Тадбир халқаро миқёсда кенг қизиқиш уйғотиб, чипталарнинг 67 фоизидан ортиғи хорижликлар томонидан сотиб олинди. Хусусан, Россиядан 8,945, Қозоғистондон 2,495 нафар меҳмон, шунингдек, АҚШ ва Европа давлатларидан кўплаб сайёҳлар келишди. Ўзбекистонга жами 15,330 нафар сайёҳ ташрифи қайд этилди. Концерт ташкилотида юздан ортиқ маҳаллий подрядчи компаниялар фаол қатнашди.
Тадбир пойтахт иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатиб, ёзги сайёҳлик мавсумининг паст кечаётган даврида меҳмонхоналар ва ресторанлар фаолиятини жонлантирди. Масалан, 5-8 август кунлари Тошкентдаги меҳмонхоналар ётоқхоналар бандлиги бўйича ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,7 фоизга ошди.
Бундай йирик тадбирлар ижодий иқтисодиётнинг ривожланиши, туризмни рағбатлантириш, янг иш ўринларини яратиш ва маданият соҳасида бандликни ошириш учун муҳим имкониятдир. Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Концертни ташкил этишда Женнифер Лопес жамоасидан 90 дан ортиқ мутахассислар Тошкентда фаолият олиб борди. Тадбир давомида стадион ва атроф-муҳит ҳаводан дронлар орқали назорат қилинди. Йўл-патрул хизмати замонавий автомобиллар билан таъминланиб, 8 та тез тиббий ёрдам бригадалари фаолият кўрсатди. Кириш жойларига юз таниш тизимлари ва хавфсизлик детекторлари ўрнатилди. Шунингдек, 3,686 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ва 300 нафар кўнгилли тадбир хавфсизлигини таъминлади.
Ободонлаштириш ишлари учун жами 500 нафар ишчи жалб қилинди ва концертдан сўнг майдон тоза ҳолатга келтирилди. 18 та озиқ-овқат савдо нуқталари санитария назорати остида ишлади, томошабинлар учун махсус автобуслар ташкил этилди ва барча зарур маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали олдиндан етказилди.
Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги тадбирларни юқори техник стандартлар ва томошабинлар учун қулай шароитлар яратган ҳолда ўтказишга тайёрлигини намойиш этди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғарманинг бундай ташаббуслари юртимизни Марказий Осиёнинг замонавий ва ижодкор марказига айлантиришда муҳим рол ўйнайди.


