Халқаро олимлар гуруҳи инсон организмидаги касалликлар хавфини узоқ муддатли истиқболда аниқлаб бера оладиган янги сунъий интеллект моделини тақдим этди. Delphi-2M деб номланган тизим мингдан ортиқ турдаги касаллик эҳтимолини ҳисоблаб, айрим ҳолатларда соғлиқдаги муаммоларни 10 йил аввалдан прогноз қилиш имконини беради.
Модель шифокор ёзувлари, шифохона статистикаси ва турмуш тарзи омилларини (чеккаш, овқатланиш, жисмоний фаоллик каби) бирлаштирган ҳолда ишлайди. Мутaxассисларнинг таъкидлашича, унинг ишлаш тамойили об-ҳаво прогнози каби — эҳтимоллар асосида саломатлик хавфларини кўрсатиб беради.
Аввалига ушбу тизим Буюк Британиядаги UK Biobank маълумотлари (400 мингдан ортиқ иштирокчи) асосида ўқитилди. Кейинчалик Дания соғлиқни сақлаш тизимидаги 1,9 миллион кишининг ёзувлари билан текширилди. Тадқиқотлар натижаси Delphi-2M юрак хуружи, диабет ва сепсис каби хавфли касалликларни аниқлашда юқори аниқликка эга эканини кўрсатди. Шу билан бирга, тасодифий инфекцияларни прогнозлашда имкониятлари чегараланган.
Олимларнинг фикрича, бу технология келажакда тиббиёт амалиётини тубдан ўзгартириши мумкин. Сунъий интеллект ёрдамида шифокорлар беморларга индивидуал маслаҳатлар бериши, хавф даражасини камайтириш учун турмуш тарзини ўзгартиришни тавсия қилиши ёки зарур бўлса, олдиндан даволаш чораларини кўриши мумкин. Шунингдек, бутун соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам аҳамиятли бўлиб, касалликлар тарқалиш динамикасини олдиндан ҳисоблаш ва шифохоналар юкламасини режалаштиришга хизмат қилади.
Лойиҳа Германиянинг Саратонга қарши тадқиқот маркази (DKFZ), Европа молекуляр биология лабораторияси ҳамда Копенгаген университети олимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Натижалар халқаро нуфузли Nature журналида чоп этилган.
Мутaxассислар моделни янада ривожлантириш учун генетик маълумотлар, қон таҳлиллари ва тиббий тасвирларни қўшишни режалаштирмоқда. Шунингдек, турли ёш гуруҳларини қамраб оладиган янада кенгроқ клиник базалар билан ишлаш устида ҳам тадқиқотлар олиб борилмоқда.


