Навоий вилоятининг тоғ бағрида жойлашган Сентоб қишлоғи қарийб уч минг аҳолиси билан нафақат ўзининг сўлим табиати, балки қадимий цивилизация излари, бой маданий мероси ва сақланиб қолган миллий қадриятлари билан ҳам машҳур. Бугунги кунда Сентоб туризм қишлоғи сифатида танилиб, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.

Қишлоқда йигирмага яқин меҳмон уйи ҳамда учта меҳмонхона фаолият юритиб, сайёҳларга қулай шароитлар тақдим этмоқда. Энг эътиборли жиҳати шундаки, Сентоб ўзининг тарихий архитектура қиёфасини сақлаб қолган бўлиб, бу ерда қадим замон одамлари ҳаёт тарзини ҳис қилиш мумкин.

Сентобнинг жозибаси нафақат тоғ манзаралари, балки 30 километр нарида жойлашган Айдаркўл билан ҳам уйғунлашади. Катта сув ҳавзасининг бўйида саккизта ўтов оромгоҳи барпо этилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида уч минг нафарга яқин сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.
Рақамларга кўра, 2024 йилда Айдаркўлга 70 мингдан ортиқ хорижий ва 450 минг маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Жорий йилда эса 50 минг нафардан ортиқ хорижий, қарийб 200 минг маҳаллий сайёҳ келгани қайд этилган.


