Ўзбекистонда Meta компаниясининг расмий ваколатхонасини очиш масаласи Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (NAPP) ва Америка технология гиганти вакиллари ўртасидаги учрашувда кўриб чиқилди.
Учрашувда томонлар Meta платформаларининг мамлакатдаги фаолиятини кенгайтириш, рақамли соҳада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва фойдаланувчилар учун хавфсиз рақамли муҳитни таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, реклама жойлаштириш ва илгари суриш жараёнида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, шаффофликни ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Учрашув давомида контент монетизацияси механизмларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистондаги рақамли контент яратувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Meta компанияси Facebook, Instagram, WhatsApp ва Threads каби ижтимоий тармоқларнинг эгаси сифатида Ўзбекистонда рақамли инфратузилма ва реклама бозори ривожига ҳисса қўшиш ниятида экани қайд этилди.


