1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Қорақалпоғистонда илк бор “Саломатлик марафони” ўтказилмоқда

Унда 800 нафардан зиёд шифокор ва ҳамширалар иштирок этяпти.

Қорақалпоғистонда илк бор “Саломатлик марафони” ўтказилмоқда

2–31 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида биринчи марта кенг кўламли “Саломатлик марафони” ташкил этилмоқда.

 

Тадбирнинг асосий мақсади аҳолининг кенг қатламини профилактик кўрик ва скрининг текширувларига жалб этиш, соғлиққа масъулиятни ошириш ҳамда касалликларнинг олдини олиш бўйича билим ва тушунчаларни бойитишдан иборат.

 

Марафон доирасида Нукус шаҳрининг 96,7 минг нафардан ортиқ аҳолиси бир вақтнинг ўзида 7 турдаги скрининг ва профилактик кўриклар билан қамраб олинади. Бунинг учун мобил маммограф, фтюорограф, ангиограф, УЗИ аппаратлари ва офтальмологик жиҳозлар жалб этилади, клиник ва биокимёвий текширувлар ўтказилади.

 

800 нафардан зиёд шифокор ва ҳамширалар, жумладан Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда уларнинг филиаллари етакчи мутахассислари, шунингдек хорижий мутахассислар иштирок этади.

 

Замонавий мобил ва стационар тиббий ускуналар ёрдамида аҳолига чуқурлаштирилган тиббий текширувлар ўтказилади.

 

Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ҳамда учта жамоат жойида ташкил этиладиган “Саломатлик майдончалари” орқали аҳолига тиббий хизматлар бевосита яқинлаштирилади.

 

Марафон икки босқичда, ҳафтанинг барча кунлари, соат 08:00 дан 17:00 гача давом этади. Биринчи босқичда оилавий поликлиникалар патранаж ҳамширалари аҳолига профилактик кўриклар таклиф қилади, оммавий скрининглар ўтказилади ва сурункали касалликларга эга беморлар етакчи мутахассислар кўригига ҳамда юқори технологик текширувларга йўналтирилади.

 

Иккинчи босқичда эса Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида мобил ва стационар ускуналар ёрдамида чуқурлаштирилган текширувлар, селектив скрининглар ва қўшимча инструментал кўриклар амалга оширилади.

 

Мазкур акция Қорақалпоғистонда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш йўналишида илк бор ўтказилаётган энг йирик ва кенг қамровли ташаббус ҳисобланади. У аҳолида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш ҳамда ўз саломатлигига масъулият ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика