Россия уруш оқибатида Украинага етказган зарарни қоплаш учун тахминан 500 миллиард евро товон пули тўлаши керак. Бу ҳақида Германия канцлери Фридрих Мерц Римда бўлиб ўтган Украинани тиклаш бўйича конференцияда айтиб ўтган.
“Россия уч йилдан ортиқ давом этаётган уруш давомида Украинага улкан зарар етказмоқда. Биз моддий зарарни тахминан 500 миллиард еврога баҳолаяпмиз. Россия бу зарарни қоплаши керак”, — дея таъкидлаган у.
Канцлернинг фикрича, Россия Украинага етказилган зарарни қопламагунча, ўзининг Европада музлатиб қўйилган активларидан фойдалана олмаслиги керак.
“Унгача эса мазкур музлатилган активлардан олинаётган даромадлар, ҳозиргидек, Украинани молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади”, — дея қўшимча қилди Мерц.


