1 декабрь куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг расмий саҳифаларида маълум қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги жадаллашиб бораётган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар тарихий яқинлик, маданий муштараклик ва икки халқ ўртасидаги ҳамжиҳатлик моҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда Россия бўйича энг катта татар диаспораси истиқомат қилади. Татаристон эса таълим йўналишида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, ҳозирда 3,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Татаристон ОТМларида таҳсил олмоқда.
Рустам Минниханов билан учрашувда Саида Мирзиёева Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, гуманитар алмашинувларни кенгайтириш ва мулоқотни янада чуқурлаштириш борасида фикр алмашди.
Саида Мирзиёева ва Рустам Минниханов “Оламлар орасидаги нур” номли кўргазмага ҳам ташриф буюрди. Экспозиция Истра шаҳридаги “Янги Ерусалим” Давлат музейи ҳамда Нукус шаҳридаги И.В. Савитский номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи коллекцияларини бирлаштирган.
Шунингдек, кечки дастур доирасида улар композитор ва пианиночи Кирилл Рихтер ҳамда маэстро Алибек Кабдурахманов бошқарувидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри концертини томоша қилди. Тадбир якунида артистларга Саида Мирзиёева ва Рустам Минниханов номидан гуллар тақдим этилди.
Татаристон раисининг таъкидлашича, икки томонлама алоқалар кўп асрлик тарих, муштарак анъаналар, умумий тил ва маданий қадриятларга асосланади ҳамда мулоқотнинг янада фаоллашишига хизмат қилади.


