Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобиль йўли қурилди.
Янги йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.
Шу пайтгача мазкур йўналишдан аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур эди. Янги иншоот туфайли бу масофа 4 километргача қисқарди, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилди. Бу нафақат ҳайдовчилар, балки тадбиркорлар, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Анъанавий темир-бетон ўтказгичлар одатда 50 йил хизмат қилади. Демак, хизмат муддати икки баробарга узайди.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – илгари йўловчи ва юк поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолишга мажбур эди, эндиликда эса йўл ўтказгич қурилгани туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати анча енгиллашади.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига атом энергетикаси лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.
Айни пайтда Жиззах вилоятида интеграциялашган иккита кам қувватли реактор ва иккита катта реактордан иборат атом электр станциясини барпо этиш бошланган.
Ҳозирги босқичда реактор биноси учун котлован қазиш ишлари фаол паллага кирган. Қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш, арматура ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар яшаши учун вақтинчалик турар жой мажмуаси барпо этилган.
Атом электр станцияси учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш, олийгоҳларда соҳа учун кадрлар тайёрлашни кенгайтириш режалари тақдимот қилинди.
Бўлажак электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун моношаҳарча қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашган, 10 минг кишига мўлжалланган бўлади, унда барча зарур инфратузилма, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари кўзда тутилади.
Президентимиз Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди.
Реновация дастури асосида Жиззахда эски уй-жойлар ўрнида замонавий, қулай ва хавфсиз турар жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, ИТ-марказ биносини барпо этиш, ҳунармандчилик марказини ташкил этиш, айрим мавжуд мажмуаларни реконструкция қилиш ҳамда гавжум кўчаларни тартибга келтириш каби лойиҳалар билан танишилди.
– Жиззахга келишимиздан мақсад – вилоятни янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва рўёбга чиқариш. Бугунги Жиззах – кечаги Жиззах эмас. Вилоятни салоҳияти, имконияти каррасига ошди, одамларнинг ҳаётга, ишга муносабати тубдан ўзгарди. Шу имкониятларни аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган аниқ лойиҳаларга айлантиришимиз керак, – деди Президент.
Тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.


