Президент Шавкат Мирзиёев раислигида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда аввало Тошкент шаҳридаги экологик вазият бўйича махсус комиссия ҳисобот берди. Атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қарши курашиш, ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш ва уларни чеклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Сўнгги кунларда кузатилаётган совуқ антициклон таъсири туфайли атмосфера босими ошиб, инверсия кучайгани, натижада ҳавонинг табиий тозаланиш жараёни секинлашаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан иссиқхоналар, қурилиш майдонлари, автотранспорт воситалари ва ноқонуний фаолият юритувчи объектлар бўйича текширувлар кучайтирилди. Шаҳар кўчаларини намлаш, ариқларни тозалаш ва фаввораларни ишга тушириш каби барқарорлаштирувчи чоралар амалга оширилмоқда.
Президент барча ҳудудларда ҳам ушбу ишларни изчил давом эттириш, аниқланган қоидабузарликларни зудлик билан бартараф этиш ва ҳаво сифатига таъсир этувчи омиллар устидан қатъий назоратни таъминлаш вазифасини қўйди.
Йиғилишда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимининг ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қиймати 933 миллион долларлик чиқиндидан энергия олиш лойиҳалари йўлга қўйилган бўлсада, бошқа ҳудудларда бундай ташаббуслар суст кечаётгани қайд этилди. Бошланган лойиҳаларда инфратузилма етарли даражада таъминланмаётгани танқид қилинди.
Вилоят ҳокимликлари ва Миллий экология қўмитасига мавжуд муаммоларни бартараф этиш, қолган ҳудудларда ҳам шу каби лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
2030 йилга қадар қаттиқ маиший чиқинди полигонлари сонини 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Сўнгги йилларда 47 та полигон рекултивация қилиниб, 243 гектар ер қайта тикланган бўлсада, 132 та фаол полигонда экологик талаблар ҳануз тўлиқ бажарилмаган. Барча полигонлар атрофида “яшил белбоғ”лар яратиш, бўшаган ҳудудларда экологик ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси етарли эмаслиги кўрсатилиб, ушбу йўналишда ягона ахборот-мониторинг тизимини яратиш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашдаги камчиликлар, ноқонуний уланишлар ва ўғирлик ҳолатлари ҳам кўриб чиқилди. «Ҳудудгазтаъминот» тизимига мавжуд муаммоларни бартараф этиш, электр тармоқларини инвентаризация қилиш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 1800 км электр тармоқларидаги сифатсиз таъмирлаш ишлари бўйича Бош прокуратурага ўрганиш топширилди.
Қиш мавсумида аҳолига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Алоҳида тартибда ёнғин хавфсизлиги масалалари кўриб чиқилди. 44 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ёнғин хавфсизлигини тўлиқ баҳолаш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Биноларда ёнувчан материаллар қўлланишини қатъиян тақиқловчи қонунчилик талабларини жорий этиш, тегишли меъёрларни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, коммунал хизматларни мувофиқлаштириш, ФВВ диспетчерлик тизимига барча хизматларни интеграция қилиш, профилактика ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.


