Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.
Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “ADM Jizzakh” корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.
Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув асосида ташкил этилган. Хусусан, иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар БЙД заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Талабалар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотларни ҳам ўтаб боради, бу эса уларга махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имконини беради.
Қисқа муддатли тайёрлов курсларида автомобиль заводига ишга кирувчи номзодлар, завод ишчилари ва ишсиз ёшларга ўзлари қизиққан касблар ўргатилади. Бу ерда БЙД автомобиль ишлаб чиқариш мини конвейери ҳам ташкил этилган. Ишлаб чиқариш цехида пайвандлаш, бўяш, йиғув ва сифат назорати бўлимлари мавжуд.
Электромобил ва зарядлаш станциясининг тузилиши, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги, таннарх ва реверс муҳандислиги йўналишларига ихтисослашган махсус хоналар ташкил қилинган.
Дунё автомобиль саноатида битта қоида мавжуд: рақибни таҳлил қилмаган компания ривожлана олмайди.
Жиззахдаги ушбу муҳандислик мактабида биринчи марта маҳсулотни техник-аналитик солиштириш, харажатларни моделлаштириш (сост моделинг), ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, жараёнларни глобал стандартлар билан таққослаш каби кўникмалар ҳам ўргатилмоқда.
Муҳандислик мактаби фақат талабалар учун эмас, балки соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун ҳам очиқ. Бу ерда малака ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ва тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган. Уларда илғор мутахассислар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибали муҳандислари фаол иштирок этади.
Мактабнинг асосий мақсади – талабани тайёр кадр сифатида иш жойига боришидан олдин амалиёт муҳитига олиб киришдан иборат. Натижада битирувчилар бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, етук ва рақобатбардош мутахассисга айланади.
Давлатимиз раҳбари мактабдаги машғулотлар жараёнини кузатди, мини конвейерда ишлаётган талабалар билан суҳбатлашди.
Президентимиз шу ерда республика ва вилоят фаоллари билан ҳам мулоқот қилди.
Кейинги йилларда Жиззахда саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда яхши натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Лекин ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги айтилди.
– Жиззахга келиб, янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишни мақсад қилганмиз. Асосийси, аҳоли, хусусан, ёшларга муносиб шароит яратиш, юқори даромадли иш билан таъминлаш, – деди давлатимиз раҳбари.


