Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Бошқарувчи директори Кристалина Георгиева билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида ушбу нуфузли халқаро молиявий ташкилот билан шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Кристалина Георгиева Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларга юксак баҳо бериб, олиб борилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Томонлар ўртасида макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон мутахассислари мунтазам равишда ХВЖ ўқув марказларида малака ошириб келмоқда. Жорий йилда мамлакатимиз молия тизимининг барқарорлиги биргаликда баҳоланиб, “йўл харитаси” қабул қилинди.
Учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини модернизация қилиш бўйича ХВЖнинг экспертлик кўмагини давом эттириш ҳамда иқтисодий идора ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.


