6 сентябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида тез тиббий ёрдам машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Соат 02:50 ларда Афросиёб кўчасидаги 12А-уй қаршисида Audi русумли автомобиль ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, Форд русумли тез ёрдам машинаси билан тўқнашган. Зарба кучидан тез ёрдам машинаси ағдарилиб кетган.
Воқеа жойига етиб келган шифокорлар Ford автомобилининг ҳайдовчиси ва йўловчисига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган. Ҳодисанинг бошқа жабрланувчилари ҳақида хабар берилмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ҳам тез ёрдам машинаси Спарк автомобили билан тўқнашиб кетган эди.


