Ўзбекистон Республикаси Америкадаги йирик авиакорпорация – “Boeing” билан 22 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётини харид қилиш бўйича келишувга эришди. Мазкур битим Президент Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти махсус вакили Сержио Гор иштирокида имзоланган ҳужжатлар алмашуви маросимида эълон қилинди.
Унга кўра, Uzbekistan Airways 14 та Boeing 787-9 Dreamliner самолёти ва яна 8 та шу турдаги ҳаво кемаларини опсион асосида харид қилади. Самолётларни етказиб бериш 2031 йилдан бошланиши режалаштирилган. Ушбу келишув нафақат флотни модернизация қилиш, балки миллий авиакомпания мутахассисларини тайёрлаш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришни ҳам ўз ичига олади.
Uzbekistan Airways АЖ бошқаруви раиси Шухрат Хўдайқулов битим ҳақида шундай деди:
“Boeing 787 Dreamliner оиласи бизнинг қитъалараро ташувларимизнинг асосий таянчидир. Янги шартнома орқали Uzbekistan Airways’нинг Марказий Осиёдаги етакчи авиакомпания сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, йўловчиларимиз учун кенг глобал алоқани таъминлаймиз”.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ушбу битимни юқори баҳолаб, “Truth Social”даги постида шундай ёзди:
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан имзоланган улкан битим 8 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга бўлиб, АҚШда 35 мингдан зиёд янги иш ўрни яратади. Президент Мирзиёев бир сўзли инсон, ҳамкорлигимиз кўплаб йўналишларда давом этади”.


