Жамият
|
28 Декабр 19:26
246
Жамият
|
28.12.2021, 19:26
246

Яккасарой туманидаги қурилиш биносида ўқув машғулотларига мўлжалланган ўқ-дорилар топилди

Ижтимоий тармоқларда қурилаётган объектда иккита артиллерия аслаҳаси топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.

2021 йил 27 декабрь куни 102 рақамига 26 ёшли Шуҳрат исмли шахс мурожаат қилиб, таниши 29 ёшли Алиакбар билан биргаликда Яккасарой туманида қурилаётган объект ҳудудида шубҳали, артиллерия аслаҳаларига ўхшаш занглаган буюмлар топган ҳақида хабар берган.

 

Кўрсатилган манзилга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг махсус мутахассислари билан биргаликда етиб келган. Текширув ўтказилгач, топилган буюмлар ўқув машғулотлари давомида фойдаланишга мўлжалланган иккита 115 мм.лик ўқув снаряди ва иккита 82 мм.лик ўқув миномёти эканлиги маълум бўлди.

 

Мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда. 

 

Аввалроқ, Тошкентда ўқотар қурол сақлаган шахс аниқлангани ҳамда Хонадонида тўппонча ясайдиган "тадбиркор" қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. 

 

 

Муножат Валиева