Европа Иттифоқи Тожикистон ҳукумати Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан Россия президенти Владимир Путинга нисбатан чиқарилган ҳибсга олиш ордерини бажариш мажбуриятини адо этмаганини кескин танқид қилди. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) баёнотида маълум қилинди.
Баёнотда қайд этилишича, Тожикистон Рим низомининг иштирокчи давлати сифатида Халқаро жиноий суд қарорларига риоя этиши лозим.
“Евроиттифоқ Халқаро жиноий суд прокурори томонидан Украинандаги уруш жиноятларини тергов қилиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда барча давлатларни ҳамкорликка чорлайди”, — дейилади хабарда.
Маълумки, Владимир Путин 9–10-октябрь кунлари Тожикистон пойтахти Дўшанбеда ўтган саммитда иштирок этган. 2023 йил март ойида ХЖС Путин ва Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Беловага нисбатан Украинандаги болаларни ноқонуний депортация қилиш айблови билан ҳибсга олиш ордери чиқарган эди.
Бу Тожикистоннинг ХЖС қарорларини эътиборсиз қолдирган илк ҳолати эмас. Бунгача 2024 йил сентябр ойида Россия раҳбари Рим низомини ратификация қилган Мўғулистонга ҳам ташриф буюрган, бироқ у ерда ҳам ҳибсга олиш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган эди.


