Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Президентининг ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотида бухоролик инглиз тили ўқитувчиси Биллура Икромова фаолияти алоҳида эътироф этилиб, унга Президент совғаси – BYD Chazor автомобили топширилган эди. Ушбу ўқитувчининг республика бўйлаб шунча устозлар орасидан Президент томонидан тақдирланиши бежиз эмас. Биллура Икромова нафақат ўқитувчи, балки замон қаҳрамони, касбининг фидойисидир.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан устозларнинг фидойи меҳнатлари, улар босиб ўтаётган машаққатли йўл ҳамда интилувчан ва иқтидорли ёш педагогларнинг ташаббусларига бағишланган “Йўл” фильми тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур ҳужжатли фильм “Нажот” лойиҳаси доирасида суратга олинган ва унда бухоролик устоз Биллура Икромованинг ҳаёти ҳикоя қилинади.

Оилада ота-онасига икки қизнинг кичиги бўлган Биллура ўз билими билан олийгоҳга кирган, бахтини ҳам шу олийгоҳда топган. Оналик вазифаси туфайли, магистратурада ўқиши 10 йилга кечиккан, аммо уни тушунган ва қўллаб-қувватлаган турмуш ўртоғи сабаб у ўқишини Англияда давом эттиради. Ўқиши тугагач, ўз юртига қайтган Биллура замонавий таълим методикаларини номдор шаҳар мактабларида эмас, Ромитон туманининг энг чекка ҳудудидаги шароити оғир 38-мактабда қўллашни танлайди. Энг ҳайратланарлиси ёш ўқитувчи болаларга таълим бериш учун Когондан Ромитонга саҳар йўлга чиқиб, 250 км масофани босиб ўтади. Бу қийинчиликларни бўйнига олган Биллура ҳаммасига чидади, турмуш ўртоғи, ота-онаси, қайнона-ю қайнотаси уни қўллади, ёрдам берди. У уддалади, мактабда энг севимли ўқитувчига айланди, у сабаб чекка қишлоқдаги болалар инглиз тилини мукаммал била бошлади. Энг муҳим, бугун ўша шароити оғир мактаб барчага таниқли бўлди ва эндиликда замонавий шароитлар асосида қайта таъмирлаб бериладиган бўлди.

Фильм тақдимотига қаҳрамон устознинг ота-онаси ҳам таклиф этилди. Маълум бўлишича, Биллура Икромова Президент томонидан берилган машинани отасига совға қилибди. Замонанинг энг маҳоратли ўқитувчисининг ота-онаси бугун қизининг муваффақиятларидан боши осмонда.
Фильмнинг расмий намойишига старт берилди. Эндиликда миллатни билимли қилишдек фаолият учун машаққатли йўлни танлаган ва ўқитувчилик касби орқали замон қаҳрамонига айланган Биллура Икромова ҳақидаги ҳужжатли фильм республика бўйлаб кенг намойиш этилади.


