Қарорга кўра, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига қуйидагилар киради:
➖ Ички ишлар вазирлиги академияси;
➖ Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти.
Бакалавриат таълим йўналишида ўқитиш кундузги, масофавий ва сиртқи (махсус сиртқи) таълим шаклларида амалга оширилади.
Кундузги таълим шаклида ўқиш камида 3 йил давом этади. Шунингдек, бакалавриатда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, яъни масофавий тарзда ўқиш камида 4 йил этиб белгиланмоқда. Агар сиртқи таълим давомийлиги бўйича бўлса, у ҳам мазкур даврийликда ўқитилади. Мазкур даврийлик олий маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун амал қилади.
Агар ходим олий маълумотга эга бўлса, унда бу тоифадагилар учун ўқув муддати 3 йил этиб белгиланади.
Курсантлар 1-босқич таълим муддати якунланганидан сўнг муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга ҳарбий гувоҳнома берилади.
Магистратура мутахассисликларида ўқитиш кундузги ёки масофавий таълим шаклларида амалга оширилади. Ўқиш давомийлиги эса камида 1 йилни ташкил этади.
Агар таълим муассасалари бошқарув соҳасига мутахассис кадрларни мақсадли тайёрлаш назарда тутилса, унда ўқув даври 2 йиллик магистратурани ташкил этиши мумкин. Бунда битирувчиларга илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш имконияти берилади.
Таълим муассасалари битирувчиларига диплом билан бирга ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган намунадаги кўкрак нишони берилади.
Бундан аввал ҳарбий хизматга чақирилиш жараёнида бўлган янгиликлар ҳамда ўзбекистонлик ҳарбийлар Жанубий Кореяга ўқишга юборилиши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


