Сурхондарёда 13 минг доллар эвазига иссиқхона қуриб беришни ваъда қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Сурхондарё вилояти Узун туманида иссиқхона қуриб беришни ваъда қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.


Маълум бўлишича, Андижон вилоятида яшовчи Х.Ж. ва Х.Ш. 2021 йил икки нафар Афғонистон фуқароси ва бир нафар сурхондарёлик шахсга иссиқхона қуриб беришини айтиб, пулларини олган ва ўзлаштириб кетган.
Жумладан, 2021 йил март ойида, Х.Ж. ва Х.Ш. Сариосиё туманига келиб, Афғонистон фуқароси, ҳозирда Узун тумани "Нурбулоқ" маҳалласида вақтинча яшовчи, Ф.Ш.нинг ишончига кирган. Сўнг Ф.Ш.га яшаётган маҳалласидан 60 сотих ер майдонига иссиқхона қуриб беришини айтиб, ундан 13 минг доллар олган ва ўзлаштириб кетган.
Шунингдек, Х.Ж. ва Х.Ш. жорий йил 19 март куни Узун тумани "Кичик жончекка" маҳалласида яшовчи Ч.Ч.га иссиқхона қуриб беришини айтиб 226 миллион 575 минг сўм олган.
Бундан ташқари, жорий йил 23 июнь куни Афғонистон фуқароси, ҳозирда Узун туманида вақтинча яшовчи, Ф.М.га иссиқхона қуриб беришини айтиб, 30 миллион сўм ўмарган.
Таъкидланишича, жорий йил 4 октябрь куни Х.Ж. ва Х.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Хивада тадбиркорга тўлов талабномани йўқотишни ваъда қилган фирибгар ушлангани, Бўстонлиқ туманида 5 гектар ерни 150 минг АҚШ долларга олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олингани ҳамда ДХХ томонидан ноқонуний ер сотиш ҳолатларининг олди олингани ҳақида хабар берилганди.







