Founder Image

Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Ғоя муаллифи

Информацион дастур «Замон» ҳар куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёритиб боради, Ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишлари ҳақида томошабинларга маълумот беради, Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг мазмунини тезкор ва чуқур таҳлил асосида тушунтиради. «Замон» ахборот-таҳлилий дастур бўлиб, кун давомида жонли эфирда 4 марта намойиш этилади (жами – кунига 80 дақиқа).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Замон» ахборот дастурининг бевосита асосчиси Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухаликов ҳисобланади. У «Севимли» телеканалининг ижтимоий ва маърифий лойиҳалари ташаббускори ва муаллифи сифатида чиқиш қилган. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон концепцияси телеканал ахборот сиёсатида янги вазифаларни белгилаб берди. Телеканалда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини оддий инсонлар тақдири мисолида очиб берадиган ахборот-таҳлилий дастур яратиш талаб этилди. Қисқа вақт ичида дастур учун моддий-техника базаси шакллантирилди, замонавий жиҳозлар харид қилинди. Энг асосийси, янги ташаббуслар туфайли ёш мухбир ва репортёрлар юқори малакали устозлар ва журналистлар билан бирга ишлаш ҳамда ижод қилиш имкониятига эга бўлдилар. 2018 йил январидан «Замон» ахборот дастури ҳар куни эфирга узатилиб келинмоқда.

2019 йилда бутун дунё коронавирус пандемияси каби глобал фожиадан дахшатга тушди. Шу билан бирга, холис ва тезкор ахборотга талаб ошиб кетди. Ана шу вақтда «Замон» ахборот дастурини кун давомида жонли эфирда 4 марта намойиш қилиш таклиф қилинди. Бугунги кунда дастур ҳар куни соат 9:00, 12:00, 16:00 ва 21:00 да жонли эфирга чиқади.

Ҳозирда «Замон» ахборот дастурини янада ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда ва доимий равишда янги ғоялар билан бойитилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Президент фаолияти билан боғлиқ энг муҳим жиҳатларни ёритиш ва таҳлил қилиш, давлат раҳбари томонидан мамлакатда ва хорижда амалга оширилаётган ишлар билан томошабинларни таништириш мақсадида «Янги замон» ахборот дастури йўлга қўйилди. Дастур ҳар якшанба соат 21:00 да эфирга узатилади.

Рейтингларга кўра, «Замон» ахборот дастури бугунги кунда юртимизда етакчи ахборот дастурига айланди ва томошабинлар ишончи ҳамда эътирофини қозонди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика